Эрон Қўшма Штатлар ва Исроил иштирокисиз хавфсизликни таъминлаш ва ҳарбий ҳамкорликни ривожлантириш учун минтақавий давлатлар иттифоқини тузишга тайёрлигини эълон қилди.
Бу ҳақда Ислом Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби баёнотида айтилган.
"Қўшма Штатлар ва Исроил иштирокисиз минтақада хавфсизлик ва ҳарбий ҳамкорликни таъминлаш учун давлатлар иттифоқини тузиш вақти келди", деб таъкидлади Бош штаб.
Эрон ҳарбийларининг фикрича, минтақадаги мамлакатлар "ўз хавфсизлигини кафолатлаш учун минглаб километр узоқликда жойлашган давлатга ҳеч қачон муҳтож бўлмайди".
Бош штаб шунингдек, минтақавий мамлакатлар "Исроил хавфсизлиги ва манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўядиган давлатга муҳтож эмаслигини" ва давлатларнинг ўзларини шунчаки ресурслар манбаи сифатида кўришини таъкидлади.