Жаҳон банки маълумотларига кўра, Бразилияда тахминан 5 661 миллиард кубметр чучук сув мавжуд бўлиб, бу уни сув ресурслари билан энг яхши таъминланган давлатга айлантиради. Россия 4 312 миллиард кубметр кўрсаткич билан иккинчи ўринни эгаллайди, Канада, АҚШ ва Хитой ҳам чучук сув ресурслари ҳажми бўйича етакчи давлатлар қаторига киради.
Сувнинг катта захиралари чекланган миқдордаги давлатларда жамлангани тобора кучайиб бораётган глобал муаммони кўрсатади: айрим ҳудудларда сув мўл-кўл бўлса, бошқа ҳудудларда — кўпинча талаб энг юқори бўлган жойларда унинг кескин танқислиги кузатилади.
Бразилия ва Россиядан кейинги ўринларда Канада (тахминан 2 850 миллиард кубметр), АҚШ (қарийб 2 818 миллиард кубметр) ва Хитой (тахминан 2 813 миллиард кубометр) туради.
Рўйхатнинг кейинги поғоналарида Колумбия (2 145 миллиард кубметр), Индонезия (2 019 миллиард кубметр) ва Перу (1 641 миллиард кубметр) жойлашган бўлиб, бу тропик иқлим ва йирик дарё тизимларининг сув ресурсларини таъминлашдаги муҳим ўрнини акс эттиради.
Ҳиндистон, чучук сувнинг жами захиралари катта бўлишига қарамай — тахминан 1 446 миллиард кубметр — аҳолининг ниҳоятда кўплиги ва талабнинг ортиб бориши туфайли кучли сув босимига дуч келмоқда. Мянма ҳам 1 003 миллиард кубометр кўрсаткич билан энг йирик мутлақ чучук сув захирасига эга давлатлар қаторига киради.
Бироқ ҳатто йирик ресурсларга эга давлатлар ҳам сувнинг ҳудудлар бўйича нотекис тақсимлангани ёки уни сақлаш ва тозалаш инфратузилмасининг етарли эмаслиги сабаб маҳаллий сув танқислигига дуч келиши мумкин. Масалан, Бразилияда чучук сувнинг асосий қисми Амазонка ҳавзасида жамланган бўлиб, у Сан-Паулу каби энг йирик шаҳарлардан узоқда жойлашган.
Худди шунингдек, Россия улкан сув захираларига эга бўлса-да, уларнинг катта қисми аҳоли кам яшайдиган Сибир ҳудудида жойлашган, бу эса сувнинг саноат ва шаҳарлар учун етарли даражада мавжуд бўлишини чеклайди.
Жаҳон банки огоҳлантиришича, агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, 2030 йилга бориб жаҳонда сувга бўлган талаб таклифдан 40 фоизга ошиб кетиши мумкин. Бунинг асосий омиллари — аҳоли сонининг ўсиши, урбанизация ва қишлоқ хўжалигининг кенгайишидир.
Иқлим ўзгариши ҳам вазиятни янада оғирлаштирмоқда: у ёғин-сочин режимига таъсир қиляпти ва аллақачон сув танқислигини бошдан кечираётган ҳудудларда — масалан, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Африканинг айрим қисмларида қурғоқчиликларнинг тез-тез такрорланишига олиб келмоқда.
Хитой ва Ҳиндистон мутлақ чучук сув захиралари бўйича энг йирик давлатлар қаторига кирса-да, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда сув босими энг юқори бўлган мамлакатлар сирасига ҳам киради. Бу кўп сонли аҳоли ва жадал саноатлашув босимини акс эттиради.