Бугун 24 март, 2026 йил, сешанба

O'ZB

1 апрелдан уй ва машина сотиб олишда янги тартиб қандай бўлади?

1 апрелдан уй ва машина сотиб олишда янги тартиб қандай бўлади?

2026 йил 1 апрелдан янги тартиб кучга киради ва унга кўра кўчмас мулк ҳамда ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган M, N, O ва G тоифадаги транспорт воситаларини сотиш ва сотиб олишда барча ҳисоб-китоблар банк ва нотариус орқали электрон тарзда амалга оширилади, яъни олдингидек қўлдан-қўлга пул бериш амалиёти бекор қилинади ва бутун жараён назорат остига олинади.

👆Бу тартибда асосий “қоида” шуки, пул аввал банкда эскроу ҳисобда сақланади ва фақат шартнома нотариус томонидан тасдиқлангандан кейингина сотувчига ўтказилади.

☑️ Биринчи қадам — харидор банкка мурожаат қилади, яъни уй ёки машина олишга келишилгандан кейин банкка ариза бериб, барча маълумотларни киритади: Шу ерда харидор ва сотувчи ҳақида маълумотлар, объект (уй ёки машина), шартнома суммаси ва ҳисоб рақамлар кўрсатилади ва жараён расман бошланади.

☑️ Иккинчи қадам — банк харидор учун махсус эскроу ҳисоб очади, яъни пул вақтинча сақланадиган алоҳида ҳисоб яратилади: Бу ҳисобнинг асосий маъноси шундаки, пул сотувчига дарров берилмайди, балки хавфсизлик учун банкда “музлатиб” қўйилади, шу билан ҳар икки томон ҳимоя қилинади.

☑️ Учинчи қадам — харидор келишилган пулни эскроу ҳисобга қўяди, яъни нақд ёки нақдсиз тарзда маблағни банкка киритади: Агар уй ёки машина кредитга олинаётган бўлса, кредит берувчи банк бу ҳақда нотариусга электрон хабар юборади ва пул шартнома тасдиқлангандан кейин ўтказилади, яъни олдин эмас.

☑️ Тўртинчи қадам — пул эскроу ҳисобга тушгандан кейин харидор ва сотувчи нотариусга бориб шартномани расмийлаштиришга мурожаат қилади: Бу ерда энди асосий ҳужжат — олди-сотди шартномаси тайёрланади.
Бешинчи қадам — нотариус шартномани тасдиқлашдан олдин банкдан электрон тарзда текшириш қилади, яъни ҳисобда пул бор ёки йўқлигини аниқлайди. Банк бу сўровга реал вақтда жавоб беради. Агар пул етарли бўлмаса ёки эскроу ҳисоб ёпилган бўлса, нотариус шартномани тасдиқламайди, яъни битим амалга ошмайди.

☑️ Олтинчи қадам — ҳаммаси тўғри бўлса, нотариус шартномани тасдиқлайди ва бу ҳақда банкка электрон хабар юборади: Шу пайтдан бошлаб битим расмий кучга киради.

☑️ Еттинчи қадам — нотариус тасдиқ бериши билан банк эскроу ҳисобдаги пулни автоматик равишда сотувчининг ҳисоб рақамига ўтказади: Бу одатда шу куни ёки кейинги иш кунида амалга оширилади ва жараён инсон аралашувисиз дастурий тарзда бажарилади.

☑️ Саккизинчи қадам — сотувчи ўз ҳисобига тушган пулни хоҳласа нақд қилиб олиши ёки ҳисобда қолдириши мумкин: Яъни пул аллақачон расман унинг мулкига айланган бўлади.

❓Шу ўринда муҳим савол — бу тартиб қайси машиналарга тегишли?
☑️ Ушбу низом ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ошмаган қуйидаги транспорт тоифаларига татбиқ этилади:
▪️M тоифа — йўловчи ташийдиган машиналар, яъни оддий енгил авто (Cobalt, Malibu, Tracker, электромобиллар, автобуслар)
▪️N тоифа — юк машиналари (Isuzu, KamAZ ва бошқалар)
▪️O тоифа — прицеп ва ярим прицеплар (трейлерлар, фура прицеплари)
▪️G тоифа — йўлтанламас машиналар (Niva, Land Cruiser ва бошқа 4x4 техникалар)

☝️Яъни амалда деярли барча турдаги транспорт воситалари ушбу тартибга тушади. Агар қандайдир сабаб билан нотариус шартномани тасдиқламаса, унда харидор банкка мурожаат қилиб, эскроу ҳисобдаги пулни тўлиқ қайтариб олиши мумкин, яъни унинг пули “қотиб қолмайди”.
Хулоса қилиб айтганда, янги тартибнинг асосий мазмуни шуки, энди пул аввал банкда сақланади, нотариус текширади ва фақат шундан кейингина сотувчига ўтади, бу эса: — фирибгарликни камайтиради, ҳисоб-китобларни шаффоф қилади, харидор ва сотувчини бир вақтнинг ўзида ҳимоя қилади ва энг муҳими, уй ёки машина сотиб олиш жараёнини хавфсиз ва ишончли қилади.

Киритилди: Бугун 17:12. Ўқилди: 647 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!