Эрон давлат телевидениеси эфирида мамлакатга ядровий зарба берилган тақдирда фуқаролар нималар қилиши кераклиги ҳақида огоҳлантириш берилди.
Бу огоҳлантиришлар АҚШ Эронга ядровий зарба бериши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар фонида янгради. Аввалроқ таниқли америкалик журналист Такер Карлсон АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг босими остида Эронга ядровий зарба бериши мумкинлигини даъво қилганди.
Унинг таъкидлашича, эҳтимолий нишон Пикакс тоғидаги Эрон ядровий объектлари бўлиши мумкин. Исроил разведкаси Теҳрон ушбу ҳудудда уранни бойитиш дастурини қайта тиклаганини тасдиқлаган.
Бир пайтлар Трампнинг энг кўзга кўринган тарафдорларидан бўлган журналист ушбу объект мудофаасини тешиб ўтадиган бошқа қурол йўқлигини, шу сабабли “ядровий зарба ягона вариант” эканини айтди.