Россия бизнеси Вьетнамга суюлтирилган табиий газ ва нефть маҳсулотлари етказиб беришни кенгайтириш, шунингдек, мамлакатда автомобиль ишлаб чиқаришни ривожлантиришдан манфаатдор. Бу ҳақда Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников Россия–Вьетнам музокаралари якунларига кўра маълум қилди.
Таъкидланишича, автомобиль ишлаб чиқариш йўналиши Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ва Вьетнам ўртасидаги эркин савдо зонаси тўғрисидаги битимда ҳам назарда тутилган.
Унинг сўзларига кўра, ҳозир икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликда ўзаро инвестицияларга ўтиш муҳим йўналишлардан бирига айланмоқда. Вьетнам компаниялари Россия агросаноат мажмуаси ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасига сармоя киритишга қизиқиш билдирмоқда.
Инвестициявий жараёнларни жадаллаштириш мақсадида Вьетнам Молия вазирлиги билан инвестициявий ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланади.
Решетников, шунингдек, ЕОИИ ва Вьетнам ўртасида эркин савдо зонаси тўғрисидаги битим амал қилаётган 10 йил давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми икки баробарга ошганини маълум қилди. Жорий йилда ҳам ижобий суръат сақланиб, савдо ҳажми яна 14 фоизга ўсди.
Россия айни пайтда Вьетнамга озиқ-овқат маҳсулотлари, металл ва ўғитлар экспортини ҳам оширмоқда.