24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида ёқилғи-энергетика соҳасидаги ҳуқуқбузарликларга қарши курашишни кучайтириш мақсадида янги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Янги қонун лойиҳасида электр энергияси, табиий газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланиш, уларни ўғирлаш билан боғлиқ жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда. Жумладан, Жиноят кодексида бу каби қоидабузарликлар учун белгиланган жарима миқдори оширилмоқда, маъмурий жазодан сўнг ҳуқуқбузарликни такроран содир этганларга нисбатан жазо кучайтирилади.
Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бир қатор қўшимча ва аниқлаштирувчи нормалар киритилмоқда. Бу ўзгаришлар орқали:
• якка тартибдаги тадбиркорларнинг жавобгарлиги аниқ белгиланади;
• газ ва электр энергиясидан хўжасизларча фойдаланишга оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималар оширилади;
• Ўзенергоинспексия назорат ваколатлари билан таъминланади;
• ички ишлар органлари ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимларига баённома расмийлаштириш ваколати берилади.
Расмий маълумотларга кўра, 2024 йилда якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан электр энергиясини беҳуда сарфлаш билан боғлиқ 17,6 мингта, табиий газдан ёқилғи ёки хом ашё сифатида фойдаланиш қоидаларини бузиш бўйича эса 7,6 мингта ҳолат аниқланган. Айни пайтда мавжуд қонун ҳужжатларида бу тоифадаги тадбиркорларни жавобгарликка тортиш тартиби аниқ белгилаб қўйилмаган.
Ўзенергоинспексиянинг маъмурий баённома тузиш ваколати ҳам қонуний асосда мустаҳкамланади. Бундан ташқари, ички ишлар органлари ва ФВВ ходимларига электр энергиясидан ёритиш мақсадида хўжасизларча фойдаланиш ҳолатларида маъмурий баённома тузиш ҳуқуқи берилади.
Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Раҳимжон Ҳакимовнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳасининг асосий мақсади энергия ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, уларни исроф бўлишига йўл қўймасликдан иборат.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2023 йил июнидан бошлаб электр, иссиқлик, газ ва сувдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари ўғрилик деб эътироф этилиб, жиноят сифатида баҳоланади. Бу каби ҳуқуқбузарликлар учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланиши мумкин. Оз миқдорда содир этилган ҳолатларда эса 10-20 баравар БҲМ миқдорида жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси назарда тутилган.