NATO ва Россия Болтиқ денгизида бир вақтнинг ўзида ҳарбий машғулотлар ўтказади. Бу ҳақда Bild хабар берди.
Экспертларнинг фикрича, бу кутилмаган ҳодисалар ва провокациялар хавфини туғдириши мумкин.
Келаси ҳафта NATO давлатлари 50 йилдан ортиқ вақтдан бери июн ойи бошида ўтказиб келинаётган Baltops ҳарбий-денгиз машғулотларини бошлайди. Россия ҳам ўз флотини ушбу минтақага машқларга юбормоқда, аммо бу одатдагидан бир ой олдин амалга оширилмоқда. Унда Россиянинг 20 та ҳарбий кемаси иштирок этади.
CASSIS илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими ва Германия ҳарбий-денгиз кучлари захирадаги зобити Морис Браке Болтиқ денгизидаги машғулотлар кескинликка олиб келиши мумкинлигини таъкидлади. Эксперт флотларнинг хавфли даражада яқинлашиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
Бракенинг сўзларига кўра, тўғридан-тўғри тўқнашув бўлиши кутилмаётган бўлса-да, NATO кемаларининг йўлини тўсиш ёки Россия ҳарбий самолётларининг улар устидан парвоз қилиши каби турли хил ҳодисалар содир бўлиши эҳтимолдан холи эмас.