Бугун 21 июнь, 2025 йил, шанба

O'ZB

Экологик ҳуқуқ ва таълим-тарбия узвийлиги

Экологик ҳуқуқ ва таълим-тарбия узвийлиги


Мамлакатимизда ҳам кейинги йилларда муҳим устувор вазифалар билан бир қаторда атроф-муҳит муҳофазасига алоҳида эътибор бериляпти. Бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асослари Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилгани айниқса, муҳим аҳамият касб этмоқда.

Жумладан, Бош Қомусимизнинг 49-моддасида мамлакат аҳолисининг қулай атроф-муҳитда яшашга қонунан ҳақли эканлиги, давлатнинг экологик ҳуқуқларни таъминлаш ва атроф-муҳитга зарарли таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслик мақсадида шаҳарсозлик фаолияти соҳасида жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратиши, барқарор ривожланиш принципига мувофиқ атроф-муҳитни яхшилаш, тиклаш ва муҳофаза қилиш, экологик мувозанатни сақлаш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириши ҳамда Оролбўйи минтақасининг экологик тизимини муҳофаза қилиш ҳамда тиклаш, минтақани ижтимоий ва иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш юзасидан чоралар кўриши қатъий белгиланди.

Сир эмаски, бугун дунё миқёсида экологик мувозанатнинг бузилиши – атмосфера ҳавосининг ифлосланиши, йирик ўрмонзорларнинг йўқолиб бораётганлиги, катта шаҳарларда қурилишлар жараёнида дарахтларни шафқатсизларча кесиш, сув манбаларидан исрофгарчилик билан фойдаланиш ва ифлослантириш, ер ресурсларидан нооқилона фойдаланиш ҳамда Қизил китобга киритилган ноёб ҳайвонлар, қушларни қонунга зид равишда овлаш ва ўсимликларни йўқолиши, афсуски, аксарият ҳолларда инсон омили таъсирида юз бермоқда. Бу каби долзарб экологик муаммолар ҳисобга олинса, табиатни муҳофаза қилиш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш ҳар бир фуқаронинг виждонан бурчи эканлиги ойдинлашади. Айни жиҳатлар ҳисобга олиниб, конституцияга янги таҳрирда 62-модда билан фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбур эканлиги қатъий белгилаб қўйилгани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасидаги ижобий қадам бўлди.

Шу билан бирга, конституцияга киритилган 66-моддада мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши, тасарруф этиши, мол-мулкидан фойдаланишда атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ҳамда давлатнинг ҳуқуқларини ва қонуний манфаатларини бузмаслиги кераклиги белгиланганлиги фуқароларнинг табиатга нисбатан муносабатини ижобий жиҳатдан ўзгаришига замин яратиши билан аҳамиятлидир.

Шунингдек, маҳаллий ижро этувчи органларнинг ҳудудлар табиий шароитидан келиб чиқиб, туман ва шаҳарларни экологик жиҳатдан ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишига оид норма киритилгани табиий муҳит барқарорлигини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар ижросида муҳим кафолат бўлди.

Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги конституцияда экологик муаммоларни бартараф этиш бўйича илгари сурилган ҳуқуқий кафолатлар бу борадаги ислоҳотларни изчил амалга оширишда муҳим дастурул амал бўлмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғриси”даги қарори ҳам бу борадаги ишларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини янада ошириш, таълимнинг барча бўғинларида экологик таълим ва маданиятни ўзаро боғлиқликда ривожлантириш каби устувор вазифалари белгилаб берилган ушбу ҳужжатда олий таълим тизими ташкилотларида ҳам экологик маданиятни юксалтириш йўналишида қатор чора-тадбирлар амалга оширилади. Хусусан, эндиликда ихтиёрийлик асосида барча олий таълим муассасалари талабаларини бирлаштирувчи Ўзбекистон эковолонтёр талабалари ҳаракатини ташкил этиш ва унинг доимий фаолият юритишини йўлга қўйиш, бакалавр ва магистратура босқичларининг экология йўналишларидаги ўқув адабиётларни қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни атроф-муҳитни асраб-авайлашга бағишланган мавзулар билан бойитиш чораларини кўриш назарда тутилмоқда.

Бу каби амалий чора-тадбирлар экологик маданият, экологик таълим-тарбия, экологик маърифатни узвийликда ривожлантиришга хизмат қилади.

Зиёда Мусаева
ТДИУ Олий ва амалий математика кафедраси
катта ўқитувчиси

Киритилди: 10:19 19.06.2025. Ўқилди: 441 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!