Европа комиссияси болаларни ижтимоий тармоқларда ҳимоя қилиш бўйича келгусида қабул қилинадиган умумевропа қоидалари билан боғлиқ миллий қонун лойиҳаларини илгари суришни 12 ойга кечиктиришни талаб қилмоқда. Бунга бир қатор мамлакатларда бундай қонунларни қабул қилиш жараёни жадаллашгани сабаб бўлган.
Европа комиссиясида Европа Иттифоқи мамлакатларида турлича чекловлар жорий этилиши ягона бозорнинг парчаланишига олиб келиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.
«Европа ички бозори парчаланишга йўл қўя олмайди», — деди Европа комиссияси вакили Тома Ренье.
Унинг таъкидлашича, бунинг оқибатида турли давлатларда ёшга доир чекловлар бир-биридан фарқ қилиши мумкин.
«Бу амалда бажариб бўлмайдиган вазифага айланади. Платформалар бундай парчаланган бозорга мослаша олмайди ва оқибатда барчамиз ҳеч қандай ҳимоясиз қоламиз. Шунинг учун биз барча болаларни ҳимоя қилишга қаратилган ягона қоидаларни таклиф қилмоқдамиз», — деди у.
Брюсселнинг ушбу масала бўйича сўнгги талаби Австрияга қаратилган. Венага миллий қонуннинг кучга киришини 12 ойга кечиктириш таклиф қилинмоқда. Бу вақт давомида Европа парламенти ва ЕИ Кенгаши умумевропа қоидаларини келишиб олиши мумкин.
Аввалроқ Франция, Греция, Италия, Бельгия ва Словения ҳам шунга ўхшаш миллий ташаббусларни илгари сурган эди. Бироқ ушбу мамлакатлардаги ҳуқуқий вазият бир-биридан фарқ қилади. Ренье айрим қонун лойиҳаларига берилган ҳуқуқий баҳоларни батафсил очиқламади ва мазкур давлатлар ҳукуматлари билан музокаралар давом этаётганини қайд этди.
17 сентябрь куни тақдим этилган EU Kids Act қонун лойиҳасида 13 ёшга тўлмаган болаларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт очиши тақиқланиши, 13–14 ёшли ўсмирлар учун ота-она назорати остидаги чекланган аккаунтлар жорий этилиши, 15 ёшдан бошлаб эса мустақил равишда аккаунт очиш имконияти берилиши назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳада рақамли хизматлар хавфсизлиги ва вояга етмаганларни ҳимоя қилиш талабларини кучайтириш кўзда тутилган.
Қонун лойиҳаси ҳали Европа парламенти ва ЕИ Кенгаши томонидан келишилиши керак. Европа комиссияси музокараларни тезлаштиришга чақирмоқда. Янги қоидалар қабул қилингунга қадар болалар ҳимояси амалдаги Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун (DSA) орқали ҳам таъминланиши лозим. Ушбу қонун платформалардан фойдаланувчилар учун тизимли хавфларни баҳолаш ва камайтиришни талаб қилади.