Махсус трибунални ташкил этиш бўйича “Асосий гуруҳга” кирувчи давлатлар ташқи ишлар вазирлари бугун Украинанинг Лвов шаҳрида тегишли ҳужжатни имзолади.
"Ушбу трибунал Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини, жами 20-30 нафар шахсни, жавобгарликка тортишни назарда тутади. Суд жараёнлари юзма-юз ёки сиртдан ўтказилиши мумкин. Айбланувчилар 30 йилгача озодликдан маҳрум этилиши, оғир ҳолларда эса умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин", — дея маълум қилди Евроиттифоқ расмийси.
Махсус трибунални тузиш декларациясини имзолаган давлатлар орасида АҚШ бўлмаган. Брюсселда Вашингтон ҳам охир-оқибат трибуналга қўшилишига умид қилинмоқда.
"Қўшма Штатларнинг мазкур трибунални тузиш жараёнидаги иштирокини тўхтатиб қўйиши, Трамп маъмуриятининг Путинга берган ўнлаб имтиёзларидан биридир", — дея изоҳ берди Полша Ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский.
"Кейинги қадам — Украина президенти Володимир Зеленскийнинг трибунал тузишни сўраб Европа Кенгаши бош котибига расмий мурожаат қилиши бўлади. Бу мурожаат 13–14 май кунлари бўлиб ўтадиган йиғилишда топширилиши кутилмоқда. Шундан сўнг Европа Кенгаши вазирлар қўмитаси расмий жараённи бошлаб беради", деб ёзади Reuters.
Ушбу трибунал Украинага қарши тажовуз жинояти бўйича тузилади ва норасмий равишда “Путин трибуали” деб аталмоқда. Бироқ DW манбаларига кўра, ҳозирча Россия президенти, бош вазири ва ташқи ишлар вазири ўз лавозимларида бўлганлиги сабабли, улар “шахсий иммунитет”га эга ҳисобланади.