Европа Иттифоқи Украинага 90 миллиард евролик кредит доирасидаги маблағларни тезлаштирилган тартибда ажратишдан бош тортди. Киев жорий йилда ҳарбий молиялаштиришдаги тақчилликни қоплаш учун маблағларнинг бир қисмини режалаштирилган муддатдан олдин беришни сўраган эди. Бу ҳақда Bloomberg вазиятдан хабардор манбаларига таяниб хабар берди.
Ёзда Украина ҳарбий харажатлар ошгани сабаб қўшимча 27 миллиард евро молиялаштириш зарурлигини билдирган. Киев Брюсселдан мамлакатни 2027 йил охирига қадар молиявий қўллаб-қувватлаши керак бўлган кредитнинг бир қисмини муддатидан олдин ажратишни сўраган.
Bloomberg манбаларига кўра, ЕИ бундай қарорга қарши чиққан, чунки маблағларни ҳозир тезлаштириб бериш муаммони фақат 2027 йилга кўчириши мумкин. Бундан ташқари, Европа расмийлари Украинанинг бошқа ҳамкорлари, жумладан Канада, Норвегия ва Японияга қўшимча молиялаштириш ажратишни таклиф қилган.
Режага кўра, ЕИ кредити Украинанинг эҳтиёжларининг фақат учдан икки қисмини қоплайди, қолган қисми эса ҳамкор давлатлар томонидан молиялаштирилиши кутилмоқда.
Агентлик манбаларининг аниқлаштиришича, 2027 йил учун мўлжалланган кредитнинг 45 миллиард евро қисми "тезкор тарзда" ажратилади, аммо бу келаси йил бошидан олдин амалга оширилмайди. Шу билан бирга, ЕИ ва Украина қўшимча бюджет ва мудофаа эҳтиёжларини аниқлаш бўйича иш бошлашни режалаштирмоқда.
Bloomberg маълумотига кўра, сентябрь ойида Нью-Йоркда Украина президенти Владимир Зеленский билан ўтказилган кескин учрашувда Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен ЕИда 2026 йил учун ҳали 37 миллиард евро миқдорида бюджет қўллаб-қувватлови мавжудлигини айтган.
Бироқ ушбу маблағларнинг ажратилиши яширин иқтисодиётни қисқартириш, солиқ тушумларини ошириш ва Украина қонунчилигини ЕИ меъёрларига мослаштиришга қаратилган ислоҳотларни амалга оширишга боғлиқ. Айни пайтда тегишли ислоҳотлар Украина Олий Радасида тўхтаб қолган.
Халқаро валюта жамғармаси ушбу ҳафта Украина молиялаштиришидаги келгуси тақчилликни 2027 йилда 30–35 миллиард доллар, 2028 йилда 17 миллиард доллар ва 2029 йилда 2 миллиард доллар деб баҳолади. Bloomberg таъкидлашича, бу ҳисоб-китоблар кейинчалик ўзгариши мумкин.