Бугун 29 октябрь, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

ЕИ Украинадаги уруш қандай якунланишидан қатъи назар, Россия гази импортини қайта тикламайди

ЕИ Украинадаги уруш қандай якунланишидан қатъи назар, Россия гази импортини қайта тикламайди

Европа Иттифоқи Россия гази импортини, жумладан, «Шимолий оқим» газ қувури орқали етказиб беришни қайта тикламайди. Чунки амалдаги қонунчилик Россиянинг қазилма ёқилғиси етказиб беришдан тўлиқ воз кечишни назарда тутади.

Бу ҳақда Европа комиссияси матбуот хизмати раҳбари Паула Пиньо Брюсселдаги брифингда маълум қилди.

Украинадаги уруш тугаганидан кейин «Шимолий оқим» газ қувури фаолиятини қайта тиклаш имконияти ҳақидаги саволга жавоб берар экан, у шундай деди:

«Россиядан қазилма ёқилғилар, хусусан, газ импортини қайта тиклашга йўл қўймайдиган қонунчилик амалда».

Пиньо Россия дастлаб Европага газ етказиб беришни тўхтатганини эслатди. Унинг сўзларига кўра, Россиянинг қазилма ёқилғисига қарамлик жиддий заифликни юзага чиқарган, чунки энергетика ресурсларидан сиёсий босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланилган.

«Қазилма ёқилғиларни харид қилишда Россияга қарамлик қандай харажатларга олиб келишини жуда яхши биламиз. Бу етказиб беришлар қурол сифатида ишлатилди ва биз бунинг учун ўз баҳомизни тўладик», — деди у.

Европа комиссиясининг яна бир вакили Анна-Кайса Итко­nen Европа Иттифоқи Россия гази ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) импортини босқичма-босқич тўхтатаётганини эслатди. Унинг айтишича, сўнгги етказиб беришлар 2027 йил охирига қадар якунланиши керак.

«Нима бўлишидан қатъи назар, биз Европа бозорида Россия гази ва суюлтирилган табиий газидан босқичма-босқич воз кечмоқдамиз», — деди у.

Ушбу баёнотлар АҚШ ва Россия ўртасида Украинадаги уруш тугаганидан кейин «Шимолий оқим» газ қувури фаолиятини қайта тиклаш ҳамда Россия газини Европага етказиб бериш истиқболлари муҳокама қилинаётгани ҳақидаги хабарлар фонида янгради.

Киритилди: 18:40 28.10.2026. Ўқилди: 767 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!