Европа Комиссияси раҳбари ЕИ ҳудудида 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш режасини маълум қилди.
«13 ёшгача — ҳеч қандай ижтимоий тармоқлар. 15 ёшгача — ҳеч қандай шахсий аккаунтлар», — деди Страсбургда Европа Комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен. Тегишли қонун лойиҳаси 17 сентябрь куни тақдим этилиши керак.
Қонун болаларни интернетда ҳимоя қилишга ёшга қараб босқичма-босқич ёндашувни назарда тутади. Масалан, 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар вақт бўйича чекловлар ўрнатилган, улар учун мослаштирилган ижтимоий тармоқ аккаунтларидан фойдаланишлари мумкин бўлади. Бундай аккаунтлар ота-оналар томонидан яратилиши ва назорат қилиниши керак.
15 ёшдан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар учун платформалар ўз хизматларида хавфсиз дизайнни таъминлаши шарт бўлади. Бунда болалар учун хавфсизликни таъминлаш мажбуриятини исботлаш технологик компаниялар зиммасига юклатилади.
«Болаларнинг болалиги тортиб олиняпти», — деди фон дер Ляйен. Унинг сўзларига кўра, болаларга ўз ҳис-туйғуларини англаш, мустақил қарорлар қабул қилиш ва ҳатто шунчаки зерикиш учун ҳам вақт керак.
«Аммо агар боланинг смартфони бўлса, у буларнинг барчасидан маҳрум бўлади», — деди у.