Бугун 26 июль, 2026 йил, якшанба

O'ZB

ЕИ давлатлари Россияга қарши 21-санкциялар пакетини юмшатишни сўради

ЕИ давлатлари Россияга қарши 21-санкциялар пакетини юмшатишни сўради

Европа Иттифоқининг олтита давлати Россияга қарши тайёрланаётган янги санкциялар пакетидаги айрим чораларни блоклади ёки ўз компаниялари учун истиснолар киритишни талаб қилди. Бу ҳақда "Financial Times" дипломатлар ва музокаралардан хабардор манбаларга таяниб ёзди.

Нашр маълумотларига кўра, гап Греция, Франция, Италия, Германия, Австрия ва Португалия ҳақида бормоқда.

Бу давлатларнинг эътирозлари асосан миллий компаниялар, саноат тармоқлари, сайёҳлик ва банк манфаатларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ.

Греция Россия суюлтирилган табиий газини учинчи давлатларга ташишни тақиқлашга қарши чиқди. Афина расмийларининг фикрича, бундай чеклов Грециянинг йирик кема қатнови компанияларидан бири — "Dynagas" фаолиятига жиддий зарар етказиши мумкин.

Греция томони Европа компаниялари Россия суюлтирилган газини ташишдан чиқиб кетса, бўшаган бозорни АҚШ, Хитой ва Япония компаниялари эгаллаб олишидан хавотирда.

Греция сиёсатчилари бундай кескин чекловларни Европанинг ўзига зарар етказадиган чора деб атади.

Германия ва Португалия Россиядан айрим балиқ маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаш таклифига эътироз билдирмоқда. Икки давлат бу маҳсулотлар маҳаллий балиқни қайта ишлаш корхоналари учун зарурлигини таъкидлаган.

"Financial Times" маълумотларига кўра, Берлин ва Лиссабон чеклов қабул қилинса, ўзларининг қайта ишлаш саноати хомашё танқислиги ва ишлаб чиқариш харажатларининг ошишига дуч келишидан хавотирда.

Франция ва Италия Россия Қуролли кучларида хизмат қилган шахсларнинг Европа Иттифоқига киришини чеклаш бўйича таклифни юмшатишни сўрамоқда.

Нашр икки давлат Европанинг асосий сайёҳлик йўналишлари қаторига кириши ва виза чекловларининг кенгайтирилиши туризм соҳасига ҳам таъсир қилиши мумкинлигини қайд этган.

Австрия эса музлатилган Россия активларининг қарийб 2 млрд евролик қисмини санкциялардан чиқариш масаласини яна кўтарган. Вена ушбу маблағлардан Россия суди қарори туфайли зарар кўрган "Raiffeisen Bank International"га компенсация тўлаш учун фойдаланишни таклиф қилмоқда.

Европа комиссияси Россияга қарши 21-санкциялар пакетини июнь ойида таклиф қилган эди. 15 июлда Европа Иттифоқи элчилари пакет бўйича ягона қарорга кела олмади. Кейинги музокаралар 23 июлга қолдирилди.

FT баҳосига кўра, алоҳида давлатларнинг ўз иқтисодий манфаатлари учун истиснолар талаб қилиши Брюсселнинг Россияга қарши санкциялар бўйича умумий позициясини заифлаштирмоқда. Дипломатлар ҳар бир мамлакат ўзи учун алоҳида имтиёз талаб қилса, якуний пакет кўплаб бўшлиқларга эга бўлиб қолишидан огоҳлантирган.

Киритилди: 13:05 21.07.2026. Ўқилди: 1502 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!