Европа Иттифоқи аҳолисининг аксарияти Украинанинг яқин йилларда ЕИга аъзо бўлишини қўллаб-қувватламайди. Украина аҳолиси эса мамлакатнинг иттифоққа тезроқ қўшилишини истамоқда. Бу ҳақда Бертельсманн жамғармаси томонидан ўтказилган сўровнома натижаларида маълум қилинган.
Тадқиқотга кўра, украиналикларнинг 83 фоизи мамлакатнинг яқин йилларда Европа Иттифоқига аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. ЕИ аҳолиси орасида эса бу фикрни 47 фоиз респондент маъқуллаган. Сўровда қатнашганларнинг 53 фоизи Украинанинг иттифоққа тезлаштирилган тартибда қабул қилинишига қарши чиққан.
Берлин Киевга катта миқдорда ҳарбий ва молиявий ёрдам кўрсатаётганига қарамай, Германия аҳолиси Украинанинг ЕИга тезкор қўшилиши масаласига нисбатан шубҳа билан қарайди.
Европа Иттифоқининг аҳолиси энг кўп бўлган ўнта мамлакати орасида Германия қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича тўққизинчи ўринни эгаллаган. Мамлакатда сўровда қатнашганларнинг 41 фоизи Украинанинг тезроқ аъзо бўлишини маъқуллаган.
Румынияда эса бу кўрсаткич 40 фоизни ташкил этган.
Европа Иттифоқининг йирик мамлакатлари орасида Украинанинг тезроқ аъзо бўлиш ғояси Швецияда энг кўп қўллаб-қувватланган. У ерда респондентларнинг 69 фоизи Украинанинг ЕИга яқин йилларда қўшилишини ёқлаб чиққан.