Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида (“Green University”) "Eco Expo Central Asia 2026" халқаро экологик кўргазмаси, Глобал экологик жамғарманинг (GEF) VIII Ассамблеяси, шунингдек, "Green University" ва “яшил” техникумлар фаолиятига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбирда Экология вазири ўринбосари Жусипбек Казбеков, Экология қўмитаси бўлим бошлиғи Жавоҳир Абдухолиқов, қўмита департамент раҳбари Баҳром Холхўжаев, "Green University" ректори, профессор Бахтиёр Пулатов, қўмита ва тизим ташкилотлари ходимлари, ҳудудий бошқармалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Жусипбек Казбеков Ўзбекистон яна муҳим халқаро экологик тадбирлар ўтказиладиган майдонга айланаётганини таъкидлади. Ушбу тадбирлар доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилишнинг долзарб масалаларига алоҳида эътибор қаратилши қайд этилди. Жумладан, иқлим ўзгариши ва унинг оқибатларига бардошлиликни ошириш, биохилма-хилликни сақлаш, ер деградацияси ва чўлланишга қарши кураш, сув ресурсларини бошқариш ҳамда атроф-муҳит ифлосланишини камайтириш масалалари муҳокама қилинади. Шунингдек, у Марказий Осиёдаги ягона ихтисослашган экологик университет — "Green University" ҳамда унинг ҳузурида ташкил этилаётган “яшил” техникумлар фаолиятига алоҳида тўхталди. Ушбу техникумларда экология соҳасида юқори малакали мутахассислар тайёрланиши, бу эса нафақат Ўзбекистонда, балки бутун минтақада экологик барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ўз навбатида, Жавоҳир Абдуқхолиқов Глобал экологик жамғарманинг (GEF) VIII Ассамблеяси ҳақида маълумот берди. Ассамблея доирасида юқори даражадаги 9 та давра суҳбати, 50 дан ортиқ сайд-ивентлар ўтказилиши, қатор халқаро ташаббуслар эълон қилиниши ва янги экологик лойиҳалар ишга туширилиши режалаштирилган. Ассамблея якунлари бўйича “яшил” лойиҳаларга грант ва инвестициялар жалб этилиши, халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорлик кенгайтирилиши, иқлим ўзгаришига мослашув лойиҳалари қўллаб-қувватланиши, Оролбўйи экотизимини тиклаш дастурлари илгари сурилиши, биохилма-хилликни сақлаш, қайта тикланувчи энергетика ва барқарор қишлоқ хўжалиги лойиҳалари ривожлантирилиши, шунингдек, қўшма трансчегаравий ташаббуслар йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, тадбир хорижий делегациялар ва экспертлар оқимини ошириш, бизнес туризмини ривожлантириш ҳамда хизмат кўрсатиш ва логистика соҳаларида қўшимча иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Тадбирда сўзга чиққан Баҳром Холхўжаев "Eco Expo Central Asia 2026" халқаро экологик кўргазмасига алоҳида тўхталди. Унинг таъкидлашича, мазкур тадбир дунёнинг 100 дан ортиқ давлатидан вакиллар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дипломатик корпус, инвесторлар, экологик маҳсулот ишлаб чиқарувчилар, экоинноваторлар, давлат органлари ва экспертлар ҳамжамиятини бирлаштиради. Кўргазма доирасида экологик маҳсулот ва хизматларга бағишланган 68 дан ортиқ павильон ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда "Business Congress Management" (BCM) компанияси ҳамкорлигида ташкил этилаётган кўргазмада Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Осиё тараққиёт банки (ОТБ), Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) каби етакчи халқаро ташкилотлар иштирок этади. Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг "Vision Invest", Франциянинг SUEZ, Хитойнинг "Cevia Environment", Япониянинг KOMOTO, Финляндиянинг EPSOY, Россиянинг "Siberian Wellness", БААнинг "Bell Energy" ва Ҳиндистоннинг "Oizom Instruments" компаниялари ўз корпоратив павильонларини тақдим этади. Шунингдек, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ кон-металлургия комбинати, AKFA, Жиззах аккумулятор заводи ва “Ўзкимёсаноат” АЖ каби йирик маҳаллий корхоналар ҳам иштирок этади.
Экоинноваторларнинг инновацион ишланмаларини намойиш этиш мақсадида Ўзбекистон ва Марказий Осиё мамлакатларининг стартап лойиҳалари учун қўшимча 20 та павильон ташкил этилади. Бундан ташқари, мамлакатнинг барча ҳудудлари иқлим ўзгаришига мослашиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган аниқ лойиҳа таклифларини тайёрлаган. Ушбу ташаббуслар халқаро донорлар ва инвесторларга тақдим этилади. Кўргазма доирасида “яшил” энергетика, чиқиндиларни қайта ишлаш, сув ресурсларини бошқариш, иқлимга мослашув ва барқарор ривожланишга бағишланган сайд-ивентлар, тематик форумлар, тақдимотлар ва мулоқот майдончалари ташкил этилади.
Шунингдек, Тошкентдаги "High Town City Mall"да 29–31 май кунлари бўлиб ўтадиган "Cat X" халқаро мушуклар кўргазмаси ҳақида ҳам маълумот берилди. "Cat X" — Ўзбекистондаги ҳайвонларга масъулиятли муносабатни тарғиб қилиш, бошпаналарни қўллаб-қувватлаш ва фелинологияни (мушукларни ўрганувчи фан) ривожлантиришга қаратилган ягона профессионал мушуклар кўргазмасидир. У Ўзбекистонда 7-маротаба ўтказилмоқда ва бу йил илк бор Германиянинг "World Cat Federation" ташкилоти ҳомийлигида халқаро мақомда ташкил этилади. 2025 йилда тадбирда Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Молдова ва бошқа давлатлардан 80 та жонивор иштирок этган бўлса, ташриф буюрувчилар сони 7000 нафарга етган. Бу йил Германия, Хитой, Венгрия, Латвия, Хорватия, Таиланд, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Россия, Беларусь ва Украинадан экспертлар ҳамда меҳмонлар келиши кутилмоқда. Ташриф буюрувчилар сони 12 минг нафардан ошиши прогноз қилинмоқда.
"Green University" ректори Бахтиёр Пулатов ўз нутқида университет ва унинг негизида республиканинг барча ҳудудларида ташкил этилаётган “яшил” техникумлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, университетдаги таълим сифати ESG Европа стандартларига мос бўлиб, дунё даражасидаги рақобатбардош ва ижтимоий масъулиятли эколог мутахассисларни тайёрлашга йўналтирилган. Ҳозирда олийгоҳда барқарор ривожланиш, яшил иқтисодиёт, экологик ҳуқуқ, сиркуляр иқтисодиёт, барқарор молия, экологик фанлар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш йўналишлари бўйича бакалавриат ҳамда магистратура дастурлари амалга оширилмоқда.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги ПҚ–110-сон қарорига мувофиқ, “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида "Green University" ҳузурида 14 та “яшил” техникум ташкил этилади. Мазкур қарор асосида узлуксиз таълимнинг интеграциялашган модели жорий этилиб, университетда ўқитиладиган махсус фанлар “яшил” техникумларнинг иккинчи курс ўқув дастурларига киритилади. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган ва инглиз тилини камида B2 даражасида биладиган битирувчилар ўз академик кўрсаткичлари (GPA) асосида "Green University" бакалавриат дастурларининг иккинчи босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлади.
Бахтиёр Пулатов, шунингдек, республиканинг барча ҳудудларида “яшил” техникумлар ташкил этилиши маҳаллий иқлим ва экологик хусусиятларни яхши биладиган, ўз ҳудуди бўйича ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш имконини беришини таъкидлади.
Матбуот анжумани давомида мутахассислар оммавий ахборот воситалари вакилларининг барча саволларига батафсил жавоб беришди.