CEPI глобал соғлиқни сақлаш ташкилоти Moderna компанияси ва яна иккита гуруҳга қарийб 60 миллион доллар ажратади. Бу маблағ эбола вирусининг Бундибугё штаммига қарши вакциналар ишлаб чиқишни тезлаштиришга йўналтирилади. Хавфли вирус Конго Демократик Республикаси (КДР) шарқида тарқалмоқда.
Эпидемияларга инновацион тайёргарлик кўриш коалицияси (CEPI) COVID-19 пандемияси даврида вакцина яратишга биринчилардан бўлиб сармоя киритган эди. Ташкилот раҳбари Ричард Ҳатчетт 1 июн куни Reuters агентлигига баёнот бериб, Эбола Бундибугё (BDBV) вакциналарини бир неча ой ичида синовларга тайёрлаш мумкинлигини айтди. Ҳозирда ушбу вирусга қарши тасдиқланган вакцина ёки даволаш усули мавжуд эмас.
Африка касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари ҳамда ЖССТ маълумотларига кўра, Конго Демократик Республикасида 282 та касалланиш ҳолати тасдиқланган. Беморларнинг 42 нафари вафот этган, шунингдек, 1100 нафарга яқин касалликда гумон қилинаётганлар бор. Угандада яна тўққизта ҳолат тасдиқланган, бир киши вафот этган. Глобал соғлиқни сақлаш агентликлари ушбу эпидемияни фавқулодда ҳолат деб эълон қилди.