Бугун 6 март, 2026 йил, жума

O'ZB

Доҳада қийин аҳволга тушиб қолган 91 нафар Ўзбекистон фуқароси муносиб уй-жой билан таъминланди

Доҳада қийин аҳволга тушиб қолган 91 нафар Ўзбекистон фуқароси муносиб уй-жой билан таъминланди

Шу йилнинг 4 март куни Ўзбекистон элчихонаси вакиллари турли сабабларга кўра Қатарда бўлиб турган ватандошлар ҳолидан хабар олиб, уларга зарур амалий ва ахборот кўмагини кўрсатди.

Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.

Элчи Ашраф Хўжаев Доҳа портига ташриф буюриб, “Celestine cruises”кемасида бўлган 71 нафар ватандошимиз билан учрашди. Суҳбат давомида ҳамюртларимизга юзага келган вазият ҳақида батафсил маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон ҳукумати Қатарнинг тегишли идоралари билан ҳамкорликда ватандошларимиз хавфсизлигини таъминлаш ҳамда вазиятдан келиб чиқиб уларни Ватанга қайтариш механизмларини ишлаб чиқаётгани таъкидланди.

Шунингдек, Қатар туризм ташкилоти билан келишилган ҳолда 91 нафар фуқаромиз муносиб турар-жойлар билан таъминланди.

Элчихона вакиллари “Grand Regal”, “Hampton”, “Jouri Al Murwab” ва “Retaj Al Rayyan” меҳмонхоналарига ташриф буюриб, у ерларда вақтинча истиқомат қилаётган фуқароларимиз ҳақида аниқ маълумот тўплаб, уларнинг рўйхатини шакллантирди. Бу эҳтимолий эвакуация ёки бошқа ташкилий чораларни мувофиқлаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айни пайтда Қатар ҳаво ҳудуди ёпиқлигича қолмоқда. Мамлакатда бўлиб турган хорижий сайёҳлар қўшимча расмий маълумот берилишини кутишмоқда.

Киритилди: 20:50 05.03.2026. Ўқилди: 327 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!