Эрон АҚШ ва Исроил ҳужум қилган тақдирда амалга ошириладиган ҳаракатлар режасига эга бўлган, бу Яқин Шарқни урушга тортишни кўзда тутарди — Financial Times.
Эрон АҚШ ва Исроилга қарши урушда 2025 йил июнидаги 12 кунлик урушдан кейин оятуллоҳ Али Хоминаий раҳбарлигида мамлакат олий қўмондонлиги ишлаб чиққан режани амалга оширмоқда. Уни янги можаро эҳтимоли ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқишган, дея ёзмоқда Financial Times нашри Эрон раҳбариятидаги манбага асосланиб.
Режа бутун Яқин Шарқда хаос бошланиши ва жаҳон бозорини ларзага келтиришни назарда тутарди. Бундан мақсад АҚШ ва Исроилга босим ўтказиб, уларни урушни тўхтатишга мажбур қилиш эди.
"Режа минтақадаги энергетика объектларига ҳужум қилиш ва авиақатновларни издан чиқаришни ўз ичига олган. Эскалация ва ҳамма кўриши учун катта ёнғин уюштиришдан бошқа иложимиз йўқ эди. “Қизил чизиқларимиз” барча халқаро меъёрларга зид равишда кесиб ўтилганида, биз энди ўйин қоидаларига риоя қила олмасдик", – деди нашр суҳбатдоши.
FT'нинг ёзишича, режанинг бир қисми ҳарбий қарорларни қабул қилишни номарказлаштиришдан иборат – бу орқали турли ҳарбий қисмлар олдиндан олинган умумий кўрсатмалар асосида алоҳида ҳаракат қилишлари мумкин эди.
Бирлашган Араб Амирликлари, Қатар ва Форс кўрфазининг бошқа мамлакатларига ҳужумлар Эрон томонидан ишлаб чиқилган стратегиянинг бир қисмидир. Бу америкаликлар бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай жой энди хавфсиз бўлмаслиги, шунингдек, инвесторларнинг минтақадан чиқиб кетиш хавфини келтириб чиқариши кўзда тутилган. Бундан мақсад – беқарор вазият туфайли капитал қочиши хавфи остида қолган араб давлатларини АҚШга операцияни тўхтатиш учун босим ўтказишга мажбур қилиш.