«Walt Disney» компанияси харажатларни қисқартириш мақсадида минглаб иш ўринларини тугатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги манбаларга таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, компания раҳбарияти йиллик харажатларни 20 фоизга камайтиришни мақсад қилган. Бунга ходимларни ишдан бўшатиш ва бошқа харажатларни қисқартириш орқали эришиш кўзда тутилган. Қисқартиришлар, асосан, компанияга тегишли телеканаллар, киностудиялар ва кўнгилочар боғларга таъсир қилиши кутилмоқда.
Компания бош директори Josh D’Amaro тежалган маблағнинг бир қисмини кино ва телевидение контентини, тематик боғлар ҳамда круиз бизнесини ривожлантиришга йўналтирмоқчи.
Сўнгги йилларда Disney аллақачон миллиардлаб долларлик харажатларни қисқартириб, минглаб ходимларини ишдан бўшатган. Бу жараён ABC ва ESPN телеканаллари, Pixar ва Disney киностудиялари, шунингдек, кўнгилочар хизматлар бўлимига ҳам таъсир кўрсатган.
Компаниянинг ўтган молиявий йили якунида ходимлари сони тахминан 231 минг нафарни ташкил этган.
Bloomberg қайд этишича, Netflix, Sony Pictures, Paramount ҳамда Warner Bros. каби рақобатчилар ҳам анъанавий телевидениедан тушадиган даромад камайиши ва стриминг хизматлари обуначилари ўсиши секинлашиши фонида иш ўринларини қисқартирмоқда.