Фурқатнинг ўз ватанидан кетиб, Ёркентда ижод қилгани ва у ерда вафот этганини аксарият адабиёт мухлислари яхши билишади. Фақат айрим саволлар ҳамиша жавобсиз қолмоқда: у нима сабабдан муҳожирликка кетган, ўн саккиз йиллик мусофирликдаги ҳаёти қандай кечган? Қуйида ана шу саволларга жавоб топишга уриниб кўрамиз...
1859 йилнинг 1 мартида қўқонлик савдогар мулла Холмуҳаммад оиласида дунёга келган фарзандга Зокиржон дея исм қўйишди. Уларнинг оиласи қадим шаҳарнинг «Ғишт кўприк» гузарига қарашли «Эски Бешариқ» маҳалласида жойлашган эди. Адабиётга иштиёқманд отасидан шеър илми борасида дастлабки сабоқларни олган, маҳалласидаги мактабда савод чиқарган, Қўқондаги «Моҳлар ойим» мадрасасида ўқиган йигит вақт ўтиб, шоир сифатида ўзига Фурқат тахаллусини танлади.
Бироқ ўша давр таомилига кўра, шоирлик касб эмас, илҳом жўш урганда мисралар битадиган, тирикчилик орасида кечадиган адабий машғулот эди. Масалан, Фурқатнинг замондошлари бўлган Завқий Қўқон бозорида раста оқсоқоли бўлиб ишлаган, Мулла Қўшоқ Мискиннинг эса Тошкентда дўкони бўлган. Фурқатнинг тирикчилиги эса ота касби – савдогарлик эди. Шу тариқа у ҳатто, тирикчилик сабабли мадраса таҳсилини ҳам тугатмай, Янги Марғилонда дўкон очган тоғаси Раҳматулланинг ёнида юриб, чит савдоси билан шуғулланди.
«Янги Марғилон шаҳрида бир мунча замон анинг (яъни тоғасининг – У.Б.) бирла дўконда савдо айлаб, баъдазон ўзумға махсус бир дўкон қилдим. Икки-уч йил савдо қилиб, бирмунча дунё маҳсулим бўлди», – деб ёзганди у кейинчалик. Бу шаҳарда Фурқат Муҳаммад Шариф исмли дўстининг ёрдами билан, ўзининг ёзишича, «чой ва дигар ашёлар савдосиға дўкон очтим. Рўзона савдоға мутарассид ўлуб, шабона ҳужрада китоб ва қоғозға машғул ўлдум».
Ҳа, Фурқат Янги Марғилон ва Тошкентдаги мусофирлик пайтларида қийналиб, мадраса ҳужраларида яшаб, минг машаққатлар билан ҳаёт кечирса-да, ижод қилишдан чекинмади. Хўжандлик шоирлар Тошхўжа Асирий, Фахрий Рўмоний, Маҳжур Хўжандий, Маҳзун Хўжандий, Қорийлар, қўқонлик Муқимий, Завқийлар билан танишди, ижодий мулоқотларда бўлди. Айниқса, Фурқатнинг 1889 йили Тошкентга келиб Эшонқул додҳо мадрасасидаги ҳужрага жойлашиб, бу азим шаҳарда яшай бошлаши шоир ижодига катта таъсир ўтказди.
У аста-секин Остроумов, Наливкин, Градусов, Митропольский, Назаров, Самойлович сингари рус журналистлари, олимлари, ўқитувчилари билан танишиб, уларнинг тилини оз-моз ўрганиб олди. Гимназия, театр, «Туркистон вилоятининг газети» каби таҳририятларда бўлиб, ижодкорлар даврасига кириб борди. Шулар таъсирида «Гимназия», «Суворов» каби шеър ва достонларида Русия таълим тизими ва ҳарбий арбобини мадҳ этди.
Афсуски, Фурқатнинг рус адабиёти билан танишиши, рус олими ва ўқитувчилари билан қилаётган ҳамкорлиги баъзи маҳаллий мутаассиб руҳонийларни дарғазаб қилган эди. Улар Фурқатни «кофирга айланмаслик» учун оғзаки огоҳлантириб қолмай, дўқ-пўписали мактублар битдилар, қўрқитиш усулларидан ҳам фойдаландилар. Мутаассиблар назарида, халқ ҳурмат қиладиган шоирнинг руслар билан яқин ҳамкорлиги «кенг миқёсда кофирлашувга сабаб бўларди». Шу боис, уни «тўғри йўл»га солишга уринардилар. Аммо Фурқат мутаассиблардан чўчимай, руслар билан ҳамкорлик қилди, ижодини давом эттирди.
Фурқатнинг сақланиб қолган сурати ҳам Тошкентдалик пайтида, рус гимназиясининг расм, ҳуснихат, чизмакашлик фани ўқитувчиси Дмитрий Назаров томонидан олинган. Шоир бу ерда бўлган пайтида касалланиб қолганида ҳам табибларга эмас, гимназия шифокори Е.И.Градусовга мурожаат қилиб, ундан шифо топган. Ҳаттоки, Фурқатнинг шеърларини рус тилига биринчи бор Г.А.Митропольский таржима қилган.
Аммо у нафақат руслар билан, балки Хожа Аъзам, Зуҳур, Мансурқори, Тўйчиҳофиз, Инъомхўжа, Маҳмудхўжа каби тошкентлик санъаткорлар, Шарифхўжа, Муҳиддинхўжа, Абдусатторхон сингари амалдорлар билан ҳам ошно тутинди. Баъзи маълумотларга кўра эса 1889–1891 йилларда Тошкентда яшаган вақтида Фурқат ўлканинг машҳур маърифатпарварларидан Муҳиддинхўжа қозининг қизи Шарофатхонни севиб қолган.
Фурқат ўткир ҳажвчи ҳам эди. Шу боис ўз шеърларида мутаассибона қилиқли кишиларни, саховатдан узоқ бойларни ҳажв қилиб турган. Бу эса уларнинг Фурқатга тазйиқ ўтказишига сабаб бўлди. Фурқат, ҳатто, Туркистон генерал-губернатори адъютанти Николай Грандукни ҳажв қилиб шеър ёзди ва газетада босишмагач, ундан 5-6 нусха кўчиртириб, ҳар ерга ёпиштирди. Бу эса «ҳақорат» деб топилиб, унинг мустамлакачилар томонидан қамалишига асос бўлмоғи мумкин эди. Шу сабабли, биринчидан, руҳонийларнинг тазйиқ ва қўрқитишлари, иккинчидан, адъютант Николай Грандукни ҳажв қилгани учун қамалиш эҳтимоли борлиги боис, Фурқат қочишга қарор қилди. ФУРҚАТ (айрилиқ ва жудолик маъносини берувчи сўз) тахаллусини танлаган шоир шу тариқа ҳақиқатан ватанидан айрилиб, муҳожирликка кетди.
Ғафур Ғуломнинг «Қизил Ўзбекистон» газетасининг 1948 йил 9 июндаги «Унутилмас кишилар тўғрисида» номли мақоласида ёзилишича, «Тарихда шуниси аниқдирки, Фурқат отилмоқлиги ёки қамалмоқлиги турган гап эди. Ўз мудҳиш тақдирини англаган шоир қочишга мажбур бўлди».
Шу воқеалардан сўнг Фурқат 1890 йилнинг охирларида Тошкентдан қочиб, олдинига Самарқанддаги дўсти Мирзо Бухорийнинг уйига боради. У ердан эса Бухоро, Марв, Ашхобод, Боку, Тбилиси, Ботуми орқали Истанбулга ўтди. У ердан эса Макка ва Мадинага йўл олдиғда, исломнинг бешинчи фарзини адо этиб, ҳожилик шарафига эришди.
1891 йил декабр – 1892 йил март ойларида, Фурқат ҳатто Болгария ва Грецияда, сентябрда Ҳиндистонда бўлди. Ҳиндистоннинг Кашмир вилоятида эканлигида асли қўқонлик Ҳожи Аҳмаджоннинг уйида истиқомат қилди. Шу ерда у Мулла Саъдулла исмли ёркентлик киши билан танишиб қолди. Мулла Саъдулла шеъриятга ҳавасманд киши бўлиб, Фурқат сингари ўз қишлоғидаги амалдорларни қоралаб ҳажв ёзган, шу боис улар тазйиқидан қочиб, мусофирликда юрган эди. Мусофирлик ва адабиёт, айниқса, ҳажв боис қочқинлик уларнинг иккисини яқинлаштирди. Шу тариқа икковлон маслаҳатни бир ерга қўйиб, Ёркентга келишга қарор қилдилар. Лодох йўли орқали Хўтан ҳудудидаги Сонжу, Қўшшоғ туманларидан ўтиб, Қирғалиққа, у ердан эса Пускомга келиб, Мулла Саъдулланикида меҳмон бўлишди. Кейин яна йўлга чиқиб, Ёркентга тпашриф буюрдилар.
Фурқат Ёркентдалик пайтида жоме масжид олдидаги Кичик кўл боши маҳалласидаги Ҳаким охун деган кишиникида ижарада яшаган. Асли қўқонлик бўлган Комилжонбой, Зайнул Обидхонлар билан дўст тутиниб, улар ёрдамида моддий ҳаётини яхшилашга уринади. Сўгат Сарой меҳмонхонаси олдида Ҳиндистондан келтирилган дорилар сотиладиган дўкон ва дурадгорлик устахонаси очади. Лекин халқнинг ижтимоий аҳволи пастлиги туфайли касодга учрайди. Шундан кейин у адабий базмларда танишиб қолган Азизбек исмли кишининг таклифи билан Қиргалиқ мавзесига бориб тижорат билан шуғулланди. Азизбек унга 200 сар пул қарз берди. Ана шундан кейин Фурқатнинг иқтисодий аҳволи яхшиланиб кетган. Қирғаликда у хўтанлик Супурга охун деган табиб кишининг Раънохон исмли қизига уйланди. Шоир Қирғаликда эканлигида Саид Мазҳар Ҳусайнхон ўғли Тажалли билан танишиб, ундан табобат сирларини ўрганди. Тажалли нафақат табиб, айни пайтда бир неча тилни билгувчи маърифатпарвар инсон, яхшигина шоир, ўта тақводор киши ҳам бўлган.
Фурқат ана шу Тажалли ёрдамида Ёркентга қайтиб келиб, табибчилик билан шуғулланди. Ёнига Шариф ва Абдирайим исмли шогирдларини олиб, беморларни даволай бошлагач, шарқий Туркистонда табиб сифатида довруқ таратди. Мижозлари кўпайиб, улар сафидан Ёркент ҳокимининг ҳам ўрин олиши Фурқатнинг номини Европага танитди. Негаки, швециялик шифокорлар Ёркентда замонавий шифохона очган бўлиб, ҳокимни даволай олишмаган эди.
Ел касалига чалиниб, баданини яра босиб кетган ҳоким шу тариқа Фурқатга мурожаат қилган. У ҳокимни симоб қўшилган шифобахш дорилар билан даволади. Уч ойдан кейин ҳоким соғайиб кетгач, қувонганидан Фурқатга 300 сар пул ва шаҳар ташқарисидаги Мочонг деган хушманзара жойдан 22 мо ер ажратиб берди. Шундан сўнг Фурқатнинг моддий аҳволи яхшиланиб, бор эътиборини табибчилик ва ижодга бахшида қилди.
Ишлар ана шундай ривожланиб турган бир пайтда, яъни 1901 йили Ёркентда жойлашган савдо расталарига ўт тушиб, Фурқатнинг савдо дўкони ва табобат билан шуғулланадиган хонаси ҳам куйиб кетди. Бундай офатдан сўнг дўкони ва табобатхонани тиклаш қийин кечиб, Ёркентдаги Комилжон исмли ўзбеклар оқсоколининг саройига кўчиб борди-да, унинг шахсий котиби бўлиб ишлади. Қисман табиблик билан шуғулланиб ҳам турди.
Фурқат она юрти Туркистон билан, Қўқондаги таниш-билишлари билан ҳам алоқани узмай, Ёркентга келадиган савдогарлар орқали ёзма алоқа ўрнатган. Шунингдек, шогирдларидан бири Шариф охун тижорат ишлари билан Фарғона водийсига бориб турарди.У Фурқат ва шоирнинг қариндошлари, танишлари ўртасидаги воситачига айланиб қолган эди. Фурқат шеърларини ҳам она юртига жўнатиб турган.
Фурқат муҳожирликда юриб устози Эшонхўжа мударрис, ҳаммадраса дўстлари Жамолхон ва Убайдулла махсум, Хонхўжа Эшон, Хўжахон муфти, Худоёрхоннинг ўғли – дўсти Фансуруллобек, Аҳмадхўжа юзбоши, Отахўжа чойхоначи, Муслимжон чевар, Мирзо Қосим ва Фарзинча хонанда, Мирзо Абдуллабой Исамуҳаммад, Юсуф бойвачча, Мирзахалил, Қори Сиддиқ, Валиҳожи, Ёқубҳожи, Мирзаҳошим сингари Фарғона ва тошкентлик турли касбдаги дўстлари билан қилган суҳбатларини соғинар, ватанига дўстларидан бериб юборган мактубларида уларни эслаб ўтарди.
Шоирнинг икки йил Қирғаликдаги, ўн тўрт йил Ёркентдаги ҳаёти шу тарика турли қизиқарли воқеаларга бой бўлди. У она юртидан шоир ва савдогар сифатида шарқий Туркистонга келган бўлса, Ёркентда Европага ҳам танилган табиб сифатида довруқ қозонди. Тажалли, Азизбек, Мулла Саъдулла, Бобожон Ҳаким каби кўплаб дўстлар орттирди. Турмуш ўртоғи Раънохон билан Нозимжон, Ҳакимжон, Нодиржон исмли учта фарзандни тарбия қилди.
Аммо уларнинг камолини кўра олмай, 1909 йилнинг куз фаслида 51 ёшида бўғиз касали билан Ёркентда вафот этди. Шоир, савдогар ва табиб Фурқатнинг 18 йиллик муҳожирликдаги ҳаёти ана шундан иборат.
Умид Бекмуҳаммад,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.