Кеча Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Riyadh Season доирасида навбатдаги профессионал бокс турнири бўлиб ўтди.
Биз учун аҳамиятлиси, унинг доирасида "Мир Бокса" промоутерлик компанияси мижози бўлган чарм қўлқоп устамиз Ботир Аҳмедов ҳам ўз жангини ўтказди. Ҳамюртимиз мексикалик Оскар Дуартега қарши рингга кўтарилди. Ўн раунд тўлиқ давом этган Элиминатор мақомидаги жанг якунида ҳакамлар ғайри табиий равишда ғалабани Оскарга тақдим этишди.
Уччала ҳакам ушбу жангда Дуарте 98-92, 97-93, 96-94 ҳисобида ғалаба қозонганини эътироф этди. Лекин эълон қилинган статистик маълумотлар жангда Аҳмедов мағлубиятга лойиқ эмаслигини кўрсатмоқда. Боксчимизнинг аниқ зарбалари рақибига қараганда сезиларли даражада кўпроқ бўлган 480 га 375!
Қизиғи, ҳакамлардан бири 10 та раунддан бор йўғи 2 тасини ҳамюртимизга берган. Жанг якунланганидан кейин америкалик таниқли боксчи Габриэль Росадо Аҳмедов ҳакамлар қарори қурбони бўлганини айтди. Жанг ташкилотчиси афсонавий Оскар Де Ла Хойя ҳам шу фикрда эканини баён қилди ва зудлик билан реванш жанги ўтказилиши урғулади.