Чехия президенти Петр Павел ўз ҳарбийларини Украинага тинчликпарвар контингент таркибида юборишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда РИА Новости ёзмоқда.
Петр Павелнинг қайд этишича, у контингент жўнатишга биргаликда тайёр бўлиши билан Чехия ҳам унинг бир қисми бўлади, деб ҳисоблайди. Унинг сўзларига кўра, агар Украинага хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр Европа давлатларининг кучли гуруҳи бўлса, у ҳолда Павел "Чехия улар орасида бўлиши кераклигига чуқур ишонади".
Аввалроқ Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби 30 дан ортиқ давлатнинг "хоҳловчилар коалицияси" деб аталмиш - Украинага тинчликпарвар кучларини жойлаштиришга ва Киевга хавфсизлик кафолатларини беришга тайёр давлатлар гуруҳига қўшилиши кутилаётганини айтганди.