Чехия президенти Петр Павел марихуанани қисман декриминаллаштиришни назарда тутувчи қонунни тасдиқлади. Янги қоидаларга кўра, энди фуқароларга уй шароитида учтагача наша тупини етиштириш ва 100 граммдан ортиқ бўлмаган моддани сақлашга рухсат берилди. Уйдан ташқарида 25 граммгача бўлиши жоиздир.
Бу ҳақда MSN хабар бермоқда.
100 граммдан 200 граммгача марихуана сақлаганлик ёки тўртдан бештагача ўсимлик етиштирганлик учун маъмурий жазо қўлланилади. Каттароқ миқдорлар ҳали ҳам жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади.
Қонунни блокировка қилишга уриниш Чехия Республикаси Олий давлат прокурори Ленка Брадасова томонидан амалга оширилди. У янги меъёрдан гиёҳванд моддалар сотувчилар манфаати учун фойдаланиш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Бироқ ташаббус муаллифи бўлган Чехия Адлия вазирлиги қонун қоидалари нотўғри талқин қилинганига ишора қилиб, унинг хавотирларини рад этди.
Германияда ҳам худди шундай чора 2024 йилнинг 1 апрелида кучга кирди. Наша гиёҳванд моддалар тўғрисидаги қонун билан тартибга солинадиган тақиқланган моддалар рўйхатидан чиқарилди. Вояга етган фуқароларга 25 граммгача марихуана бўлиш ва 50 граммгача уйда сақлаш ҳуқуқи берилди. Шахсий фойдаланиш учун учта тупгача этиштиришга ҳам рухсат берилди. Бироқ, жамоат жойларида фойдаланишга фақат мактаблар, болалар боғчалари ва спорт майдончаларидан узоқда рухсат этилади. Reuters таъкидлаганидек, нашани қонунийлаштириш Германия бюджетига ҳар йили тахминан 4,7 миллиард доллар даромад келтириши ва 27 000 тагача янги иш ўринлари яратиши мумкин.