Бугун 14 ноябрь, 2026 йил, шанба

O'ZB

Буюк Дашт тошларига муҳрланган тарих

Буюк Дашт тошларига муҳрланган тарих

Туркий халқларнинг муштарак тарихий ва маънавий меросини кенг аудиторияга таништиришга қаратилган Туркий маданият ва мерос жамғармасининг TurkDiscovery YouTube платформаси ўзининг маърифий фаолиятини давом эттирмоқда. Жамғарманинг маърифий миссияси доирасида «Мангулик белгилари: Рамзларда туркий дунё» ҳужжатли фильмлар туркумининг Қозоғистоннинг аждодлардан мерос бўлиб келаётган тамғаларига бағишланган янги сони намойиш этилди.

Лойиҳанинг асосий мақсади туркий дунёнинг турли ҳудудларида сақланиб қолган қоятош битиклари, аждодлар тамғалари ва қадимий руний ёзувлар орқали туркий халқларнинг муштарак тарихий хотираси ҳамда маданий алоқаларини ёритишдан иборат. Ҳужжатли фильмнинг янги сонида минг йиллар давомида кўчманчи цивилизациянинг энг муҳим марказларидан бири бўлиб келган Қозоғистоннинг бой тарихий меросига алоҳида эътибор қаратилган.

Сариарқа, Устюрт, Олтой ва Тянь-Шань ҳудудларида сақланиб қолган қадимий тарих изларини ўрганиш асносида ҳужжатли фильмда қозоқ халқи анъаналарида асраб-авайланган 200 дан ортиқ аждодлар тамғасининг тарихи ва аҳамияти тадқиқ этилади. Маиший буюмлар ва қурол-яроғлардан тортиб, қабртошлар ҳамда яйлов ҳудудларини белгиловчи тошларгача бўлган турли манбаларда учрайдиган ушбу рамзлар қадимги қабилаларнинг ўзлигини, уруғ-қабилавий мансублигини ва дунёқарашини акс эттирувчи муҳим тарихий далиллар ҳисобланади.

«Мангулик белгилари: Рамзларда туркий дунё» ҳужжатли фильмининг янги сони томошабинларга Буюк Даштнинг тошларга муҳрланган тарихий хотираси, қадимги туркий халқларнинг муштарак маданий мероси ҳамда бугунги кунга қадар давом этиб келаётган анъаналари ҳақида янада чуқурроқ тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Сизларни Буюк Даштнинг минг йиллик рамзлари оламига қизиқарли саёҳат қилишга ва унинг тарихида яширинган янги саҳифаларни кашф этишга таклиф қиламиз!

Киритилди: 22:19 13.11.2026. Ўқилди: 261 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар