Буюк Британиянинг Муваққат ишлар вакили Лондоннинг Теҳронга қарши янги санкциялар жорий этиши муносабати билан Эрон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Бу ҳақда Fars агентлиги хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, Эрон ТИВ британиялик дипломатни “Лондоннинг мантиқсиз хатти-ҳаракатларини жавобсиз қолдирмасликка” ишонтирган. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳам "Эроннинг бошқа давлатлар билан мудофаа соҳасидаги ҳамкорлигига айрим Европа давлатлари, жумладан, Буюк Британиянинг аралашувини" номақбул деб атади.
18 ноябрь куни Европа Иттифоқи Эроннинг энг йирик давлат кемасозлик компанияси The Islamic Republic of Iran Shipping Line Group (IRISL) ва унинг директорларини қора рўйхатга киритди. Рўйхатга Эрон қуроллари ва ўқ-дориларини олиб ўтган Россиянинг учта юк ширкати ҳам киритилган. Европа Иттифоқидан кейин Буюк Британия IRISL, Эроннинг миллий авиаташувчиси Iran Air ва Россиянинг юк кемасига нисбатан чеклов чораларини киритди.
Аввалроқ 2024 йилнинг иккинчи ярмида Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилувчи Венгрия элчиси Эрон ТИВга чақирилгани хабар қилинганди.