Буюк Британия келажакда футбол бўйича жаҳон чемпионатини қабул қилиш учун ариза топшириш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бош вазир Энди Бёрнем ушбу ташаббусни қўллаб-қувватламоқда ва Англия футбол ассоциацияси ҳамда Премьер-лига билан бу борада музокара олиб бормоқда.
The Sun маълумотига кўра, жаҳон чемпионатини ўтказиш орқали мамлакатга қўшимча инвестициялар ва сайёҳларни жалб қилиш, шунингдек, ҳудудларда инфратузилмани ривожлантириш режалаштирилмоқда. Мусобақа ўйинларини Буюк Британиянинг бир нечта шаҳарларида ташкил этиш, "Уэмбли" стадионига эса финал баҳсини бериш имконияти кўриб чиқилмоқда.
Айрим хабарларда 2038 ёки 2042-йилги турнир тилга олинган бўлса-да, The Times маълумотига кўра, амалдаги ФИФА қоидалари сақланиб қолса, Буюк Британия қабул қилиши мумкин бўлган энг яқин жаҳон чемпионати 2042-йилги турнир бўлади.
Англия сўнгги бор 1966-йилда жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган. Ўшанда мезбонлар финалда Ғарбий Германияни қўшимча вақтда 4:2 ҳисобида мағлуб этиб, тарихида илк ва ҳозирча ягона бор жаҳон чемпиони бўлган.
Шунингдек, Буюк Британия ва Ирландия 2028-йилги Европа чемпионатига мезбонлик қилади. 2030-йилги ЖЧнинг асосий ўйинлари Испания, Португалия ва Марокашда, 2034-йилги мусобақа эса Саудия Арабистонида ўтказилади.