20 август кечаси Россия қўшинлари Украинанинг Киев вилояти Бровари туманидаги KLO нефть омборига ҳужум қилишди.
Бу ҳақда РБК-Украина KLO нашрига таяниб хабар берди.
Маълумотларга кўра, ҳужум натижасида объектга зарар етган ва ҳеч бир ходим жароҳат олмаган.
Компания Россия-Украина уруши бошланганидан бери тармоқ аллақачон бир қатор ёқилғи қуйиш шохобчаларини йўқотганини таъкидлади.
KLO ходимлари ҳозирда ҳужум оқибатларини бартараф этиш ва шикастланган объектларни тиклаш устида ишламоқда.
1995 йилда ташкил этилган Украина компанияси KLO асосан Киев ва унинг атрофидаги ҳудудларда ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғига эгалик қилади. У ўнлаб ёқилғи қуйиш шохобчаларини бошқаради, уларда дўконлар, кафелар ва автомобиль ювиш жойлари ҳам жойлашган.