Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти Жондор туманида фуқаро ўз бошқарувидаги автомашина билан ЙПХ ходимини уриб юборгани ҳақидаги хабарлар кенг тарқалган эди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Унга кўра, воқеа жорий йилнинг 28 январь куни 12:34 ларда Жондор тумани марказида содир бўлган. Хизмат вазифасини олиб бораётган ЙПХ ходими бошқа ҳаракат иштирокчиларига халақит бериб тўхтаб турган «Cobalt» ҳайдовчисига нотўғри тўхтаб турганлигини тушунтириб, ушбу қоидабузарлиги сабаб ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришини маълум қилган.
Шундан сўнг, 1980 йилда туғилган ҳайдовчи ЙПХ ходимининг қонуний талабини бажармасдан ходимнинг устига автомобилни бошқариб, қасддан уни уриб юборган ҳамда ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган «Matiz» автомашинаси билан тўқнашган.
«Ҳолат натижасида, ЙПХ ходими тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Жондор тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи ушланган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.