Бухоро шаҳрида яшовчи М.Х. ўз хонадонида рўйхатдан ўтказилмаган жанговар ва ов қуроллари, порох ҳамда патронларни яширинча сақлаб келаётгани аниқланди. У узоқ йиллардан буён овчилик билан шуғулланиб келади.
Жиноят ишлари бўйича Жондор туман суди судяси Убайдулла Аллаевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, муқаддам судланмаган, уйида тадбиркорлик билан шуғулланувчи ушбу фуқаро ҳақида ҳуқуқ-тартибот органларига тезкор маълумот келиб тушган. Мазкур мурожаат асосида унинг хонадонида кечиктириб бўлмас кўздан кечириш тадбири ўтказилди.
Уй эгалари дастлаб хонадонда ҳеч қандай тақиқланган нарса йўқлигини таъкидлашган бўлса-да, холислар иштирокида меҳмонхона ертўласи текширилганда, ҳақиқий хавфли омбор борлиги фош этилган.
У ердан 1952 йилда Златоуст шаҳрида ишлаб чиқарилган, отишга яроқли 16 калибрли «ЗК» русумли ов милтиғи, оғирлиги 1 килограммга яқин портловчи модда (тротил ва пироксилин асосидаги реактив тутунсиз порохлар) ҳамда тўппонча ва ўнлаб жанговар патронлар топилди.
Суд жараёнида айбланувчи ушбу хавфли «арсенал» унга бундан 23 йил аввал вафот этган отасидан қолган «мерос» эканини билдиргани. Унинг сўзларига кўра, ертўлани тозалаётганда бу буюмларни топиб олган ва «ўзим ҳам овчиман, кун келиб асқотади» деган хаёлда ички ишлар органларига топширмасдан, яшириб келган. Судланувчининг турмуш ўртоғи С.Б. эса ертўлада бундай нарсалар борлигидан мутлақо бехабар бўлганини айтган.
Амалдаги қонунчиликка кўра, фуқаролар ўзларига тегишли бўлмаган ёки топиб олинган қурол ва портловчи моддаларни бир сутка ичида ИИБга топширишлари шарт. М.Х. эса бу талабни қўпол равишда бузиб, Жиноят кодексининг 248-моддаси 1-қисми (Қурол ва ўқ-дориларни қонунга хилоф равишда сақлаш) билан айбдор деб топилди.
Суд ҳукмига кўра, М.Х.нинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги ва оилавий шароити ҳисобга олиниб, унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари, яъни 12 360 000 сўм жарима жазоси тайинланди. Ноқонуний ашёлар эса давлат фойдасига мусодара қилинди.