Бугун 30 апрель, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қурилиш ишлари муносабати билан кўп сонли дарахт ва буталарнинг кесилаётгани ҳақида хабарларга расмий муносабат билдирилди

Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қурилиш ишлари муносабати билан кўп сонли дарахт ва буталарнинг кесилаётгани ҳақида хабарларга расмий муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида қурилиш ишлари муносабати билан кўп сонли дарахт ва буталарнинг кесилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

27-июл куни АОКА биносида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти ушбу долзарб масалалар юзасидан фикр билдирди.

2023-йил 6-июл куни Бухоро вилояти ҳокимлиги А-380 автомобил йўлининг 150-228 км узунликдаги “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” қисмини реконструкция қилиш лойиҳасини тасдиқлаш учун Экология вазирлигига юборган. Лойиҳада 31 371 та дарахт ва буталарни яқин атрофдаги бўш жойларга кўчириб ўтказиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 7-июл куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан 4Р-100 “Манғузор-Жарқўрғон-Бандихон-Олтинсой-Денов” автомобил йўлининг 128-174 км ва 4Р-105 “Дарбанд-Бойсун-Элбаён” автомобил йўлининг 5-70 км қисмларини реконструкция қилиш лойиҳаси юзасидан 21 803 дона дарахтни белгиланган тартибда кўчириб ўтказишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилинган.

Маълумот учун: Бош вазир ўринбосари Ж. А. Ходжаев томонидан имзоланган Ҳукумат комиссиясининг 2023-йил 21-июлдаги 58-сон баённомасига мувофиқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигига бир ҳафта муддатда дарахтларни атроф-муҳитга зарар етказмасдан кўчириш бўйича Ҳукумат комиссиясига хулоса бериш ва тегишли таклифлар киритиш топширилган.

Бир қатор нашрларда Ҳукумат комиссиясининг баённомасига ҳавола қилинган маълумотлар (“...52 минг дарахт кесиш кўрсатмаси”, “Аномал иссиқда 70 мингга яқин дарахт кесилиши”, “Абдуҳакимовга 53 174 туп дарахтни ўлдиришга хулоса бериш топширилган”) тўғри эмас. Ҳукумат комиссиясининг 2023-йил 21-июлдаги 58-сонли баённомасига тўғридан-тўғри таяниб (бу ҳақда журналистлар ва блогерларнинг ўзлари айтиб ўтган) таъкидлаймизки, ушбу ҳужжатда дарахтларни кесиш ҳақида бирорта ҳам сўз, шунингдек, бундай иссиқ мавсумда яшил майдонлар билан бирон бир чора кўриш бўйича кўрсатмалар йўқ.

Таъкидлаш жоизки, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ушбу мурожаатларга жавобан ўсимлик дунёси обектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятлар оғир жиноятлар тоифасига киритилиши, шунингдек, республикамиз бўйлаб кузатилаётган чанг-тўзон ва қум бўронлари таъсирини камайтиришда ушбу дарахт ва буталарнинг ўрни муҳим эканлигини эслатган ҳолда рад жавобини берган (хатларнинг нусхалари илова қилинган).

Ҳокимликларга юборилган расмий жавоблардан сўнг Бухоро вилоятидан қурилиш компанияси вакиллари вазирликка ташриф буюриб, дарахт ва буталарга зарар етказмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритишлари ҳақида маълумот беришган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазири Азиз Абдуҳакимов ташаббуси билан дарахтларни кесиш ёки кўчат ўтқазиш масалалари бўйича манфаатдор оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фаоллари, шунингдек, маҳаллий аҳоли иштирокида “жамоатчилик муҳокамаси” ташкил этиш орқали бундай мурожаатларни кўриб чиқишнинг янги механизми жорий этилган эди.

Қолаверса, турли инвестиция лойиҳаларини кўриб чиқишда бундай сўровлар камдан-кам учраб туришини таъкидлаш лозим. Табиийки, лойиҳа ташаббускорлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таклиф билдирса, ўз навбатида Экология вазирлиги ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий мувозанатни сақлаш манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз хулосасини беради.

Киритилди: 13:29 28.07.2023. Ўқилди: 1771 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!