Мустақил русча суриштирув нашрининг хабар беришича, Россиянинг хорижий ҳарбий разведка хизмати ўз агентларига Кремль танқидчилари ҳақида маълумот тўплаш ва уларга қарши "фаол чоралар" кўриш вазифасини топширган.
Сургун қилинган Кремль танқидчиси Михаил Ходорковский томонидан молиялаштириладиган "Dossier Center" тергов бўлими сешанба куни ўз Telegram каналида Россия Бош разведка бошқармаси (ГРУ) "Европадаги Россия ҳукуматига қарши фикр билдирувчи етакчи шахслар" ҳақида маълумот йиғишга киришганини маълум қилди.
Бунга "душманона ҳаракатлар"га дучор бўлиши мумкин бўлган сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, маданият арбоблари ва бошқа таниқли шахслар киради.
Dossier маркази ўтказган тергов ГРУнинг Ғарбга қарши саботаж ва қўпорувчилик кампаниясини кучайтираётгани ҳақидаги огоҳлантиришлар фонида амалга оширилмоқда.
Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CСИС) ўтган ойда эълон қилган маълумотлар базасига кўра, 2023-2024 йиллар оралиғида Россия ҳужумлари уч баробар кўпайган, бироқ Ғарб давлатлари буларни бартараф этиш учун самарали стратегия ишлаб чиқа олмаган.
Dossier марказининг хабар беришича, 2025 йил бошида россиялик агентларга ўз раҳбарлари томонидан жамоатчилик фикрини шакллантираётган Кремль танқидчиларига оид маълумотларни шошилинч тарзда тўплаш вазифаси юклатилган.
Тўпланган маълумотларга молиялаштириш манбалари ҳамда сиёсатчилар, журналистлар, блогерлар, маданият арбоблари ва бошқа таниқли шахсларнинг иш ва уй манзиллари каби шахсий маълумотлар киритилган.
Нашр таъкидлашича, "олинган маълумотлар асосида агентлар ёрдамида ва жиноятчилар ёки ўта ўнг гуруҳлар вакилларини бир марталик онлайн ёллаш орқали турли хил душманлик ҳаракатларини режалаштириш мумкин."