Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Божхона қўмитаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Бухоро шаҳрида фаолият юритган нарколаборатория фош этилди.
Интернет наркодўконда “омборчи” ва “кимёгар” бўлиб ишловчи, Жондор туманилик 27 ва 29 ёшли 2 нафар фуқаро вилоят марказидаги кўп қаватли уйлардан биридаги хонадонда нарколаборатория ташкил қилиб, синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаш ҳамда сотиш билан шуғулланишган.
Холислар иштирокида кўздан кечириш жараёнида ушбу манзилдан умумий оғирлиги 6 кг 650 гр бўлган “спайс” синтетик наркотик моддаси, СИМ-карталар, респираторлар, қўлқоплар, зип пакетлар, электрон тарози ва кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, улар томонидан Когон туманидаги хуфиёна жойларга кичик бўлакларда яшириб қўйилган жами 4 кг 200 гр “спайс” моддаси ҳам процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ҳозирда қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг 25,273-моддаси ва 276¹-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.