Бугун, 25 май кунидан бошлаб Президент мактабларига қабул жараёнлари бошланди. Бу ҳақида Таълим назорати Telegram-канали хабар берди.
Билдирилишича, ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги Президент мактабларига 2026-2027 ўқув йили учун ҳужжатлар қабули 25 майдан 14 июнга қадар онлайн шаклда «my.gov.uz» ҳамда «ariza.piima.uz» сайтлари орқали амалга оширилади.
Маълумот учун, Президент мактабларига 4-синфни тугатган ўқувчилар 5-синфга қабул қилинади.
Президент мактабларига ариза топшириш учун ўқувчиларнинг:
охирги 2 ой давомида тушган фотосурати;
туғилганлик ҳақида гувоҳномаси (яъни метрикаси);
тегишли ўқув йили натижаларига кўра баҳолар табелининг мактаб директори томонидан тасдиқланган нусхаси ёки ҚР-код билан тасдиқланган электрон табель;
ота-онаси (қонуний вакили)нинг фуқаролик паспорти маълумотлари;
боғланиш учун телефон рақамлари талаб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Президент мактабларида ўқимоқчи бўлган ўқувчиларнинг баҳолар табелидаги математика ва табиатшунослик фанларидан 4-синфдаги йиллик баҳолари «5» (аъло) бўлиши лозим.