2025 йил 24 июлдан Марказий банкнинг 3618-сонли қарорига кўра:
Қарз юки 50%дан ошмаслиги шарт. Сизнинг барча ойлик кредит тўловларингиз (ипотека, микроқарз ва бошқалар) жами, расмий ойлик даромадингизнинг 50 фоизидан кўп бўлмаслиги лозим. Масалан, агар сизнинг расмий даромадингиз 6 миллион сўм бўлса, банк сизга шундай миқдорда кредит берадики, тўловлар ҳар ойда 3 миллион сўмдан ошмаслиги керак бўлади.
Қайси ҳолларда бу 50% қоида ҳисобга олинмайди? Агар сиз охирги 6 ойда банкдан ҳеч қандай кредит олмаган бўлсангиз ёки илк марта кредитга мурожаат қилаётган бўлсангиз, банк қарз юкини ҳисобламаслиги мумкин. Яъни бу ҳолларда 50% чегараси қўлланилмайди.
Банк сизнинг мавжуд кредитларингиз бўйича ойлик тўловларни белгиланган ҳисоблаш меъёрлари асосида аниқлайди. Яъни, микроқарзлар бўйича тўловлар 36 ойга, ипотека кредитлари бўйича 180 ойга, кредит карталари ва қайта тикланадиган кредитлар бўйича эса 60 ойга бўлиб ҳисобланади.