Эндиликда Британия ҳарбийлари мамлакат ҳудудий сувларида санкцияга тушган ва Россиянинг "соя флоти" таркибига кирувчи кемаларни тўхтатиб қолиш ҳуқуқига эга бўлди, дейилади ҳукумат сайтида.
Ушбу чора Путиннинг Украинадаги урушни молиялаштириш имкониятларига навбатдаги зарба сифатида баҳоланмоқда.
Янги тартибга кўра:
– Британия ҳарбийлари мамлакат ҳудудий сувлари орқали ўтаётган "соядаги флоти" кемалари бортига чиқиш ва уларни ушлаб қолиш ваколатини олди.
– Бу чеклов Ла-Манш бўғозини ҳам ўз ичига олади. Натижада санкциядаги кемалар ё узоқ ва қиммат йўналишлардан фойдаланишга, ёки қўлга олиниш хавфи остида ҳаракат қилишга мажбур бўлади.
Британия бош вазири Кир Стармернинг таъкидлашича, Путин Яқин Шарқдаги можаро туфайли нефт нархи кўтарилишидан фойдаланиб қолмоқчи.
"Шу сабабли биз Россиянинг ҳарбий машинасини Украинадаги ваҳшиёна кампаниясини молиялаштирадиган даромадлардан маҳрум қилиш учун "соя флотига" қарши курашни янада кучайтирамиз", деди Стармер.
Ушбу масала пайшанба куни Хельсинкида бошланадиган Бирлашган экспедиция кучлари (JEF) саммитида ҳам муҳокама қилинади.