Бразилияда онлайн-ставкаларга жорий этилган тақиқ маҳаллий футбол учун жиддий молиявий оқибатларга олиб келиши мумкин. Мамлакат футбол конфедерацияси (CBF) 2027 йилда ўз даромадлари 420 миллион реалга (қарийб 80 миллион доллар) камайишини прогноз қилмоқда.
Бу ҳақда CBF вакили Бразилия Федерал олий судида ўтказилган очиқ эшитувда маълум қилди. Унинг таъкидлашича, букмекерлик компанияларининг бозордан кетиши ҳомийлик шартномаларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Тақиқдан аввал мамлакатнинг юқори икки дивизионидаги 40 та клубдан 27 тасининг бош ҳомийси букмекерлик компаниялари эди. Ушбу келишувларнинг умумий қиймати қарийб 1 миллиард реални ташкил этган.
Конфедерация бундай даромад манбаларининг йўқолиши клубларни харажатларни қисқартириш ва молиявий барқарорликни сақлаш учун футболчиларни кўпроқ сотишга мажбур қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
CBF ҳукуматни аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш билан футболнинг иқтисодий манфаатлари ўртасида мувозанат топишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Бразилия президенти Лула да Силва 25 сентябрда букмекерлик фаолиятини тақиқловчи ҳужжатни имзолаган. 6 октябрдан мамлакатда қонуний онлайн-ставка платформалари фаолияти тўхтатилган.