Мажбурий ижро бюроси Сурхондарё вилоят бошқармаси ва вилоят солиқ хизмати органлари ходимлари ҳамкорлигида тузилган ишчи гуруҳ жойларда суд ҳамда бошқа органлар ҳужжатлари асосида ўз вақтида тўланмаган солиқ қарздорликларини ундириш чораларини кўрмоқда.
Бюронинг Бойсун туман бўлими иш юритувига қабул қилинган ижро ҳужжатига кўра, туманда фаолият юритиб келаётган “Azia-Constuction" масъулияти чекланган жамиятининг ўз вақтида тўланмаган 459 миллион солиқ қарзи ҳамда бошқа юридик ташкилотлар фойдасига қарз ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари қабул қилиниб, мажбурий ижро ҳаракатларига киришилган. Солиқ тўловлари белгиланган ихтиёрий муддатда бартараф этилмагани сабабли қарздор жамиятнинг барча ҳисоб рақамларига банд солиниб, жамиятга тегишли кўчмас мулк, 3 та махсус ҳамда 11 та енгил автотранспорт хусусан, 9 та “BYD” электромобиль воситаларига нисбатан тақиқ қўйилди.
Олиб борилган ижро ҳаракатлари жараёнида қарздор жамиятга тегишли бўлган 2 та “XMR303” русумли каток ўз вақтида тўланмаган солиқ ҳамда бошқа қарздорликлари учун онлайн аукцион савдоларида 215,6 миллион сўмдан сотилиб, қарздорлигига йўналтирилди.
Ҳозирда қарздор жамиятнинг солиқ ҳамда бошқа юридик ташкилотлар олдида жами 14 миллиард сўмдан ортиқ қарздорлиги мавжуд. Шу сабабли, хатловга олинган мулклар аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда. Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва вилоят солиқ бошқармаси ҳамкорлигида воҳада юзага келган солиқ қарздорликларини ундиришга қаратилган назорат тадбирлари давом этмоқда.