Ўзбекистонда 7−11 июл кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва +31…+38 даража атрофида бўлади. Республиканинг баьзи вилоятларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли ҳам бор.
Ўтган ҳафта республика бўйича кузатилган аномал иссиқдан сўнг, 7−11 июл кунлари Ўзбекистон ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати аста-секин пасайиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет».
Ҳаво ҳарорати душанба кундузи +36…+41 даражани, 8–9 июл кунлари +33…+38 даражани, 10–11 июлда +31…+36 даражани ташкил этади.
Ўзбекистон жанубида ҳам ҳарорат пасаяди ва ҳафтанинг охирига келиб ҳарорат +37…+40 даража бўлади.
Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 9–10 июл кунлари қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор.
Тошкентда ҳаво бироз булутли, вақти-вақти билан ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. 7 июл куни ҳарорат асосан +39…+41 даража, 8–9 июлда +35…+38 даража, 10–11 июлда +32…+37 даража бўлади.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 метр/сониягача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.