Бугун 8 июль, 2025 йил, сешанба

O'ZB

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев соҳадаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлади

A A A
Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев соҳадаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлади

Бугун, 19 июль куни Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида кенгайтирилган ҳайъат мажлиси бўлиб ўтди.

Ушбу мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими, прокуратура органларининг барча тезкор ходимлари, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти, Мажбурий ижро бюроси раҳбарияти ҳамда уларнинг ҳудудий бошқарма ва бўлим бошлиқлари иштирок этди.

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида прокуратура органларининг мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида 2024 йилнинг 1-ярмидаги фаолияти натижалари кўриб чиқилди.

Танқидий руҳда ўтказилган ҳайъат мажлисида Бош прокурор Н.Йўлдошев маъруза қилиб, жорий йил ўтган даврида прокуратура органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва йўл қўйилган хато - камчиликларга бирма - бир тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, прокуратура органларининг бугунги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларни, жумладан янги таҳрирдаги Конституция талабларининг тўлиқ ва сўзсиз бажарилишини таъминлаш, барча соҳаларда қонунийликни мустаҳкамлашга йўналтирилган.

Умуман, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофаза қилиш борасида прокуратура органлари зиммасига юклатилган вазифалар ижроси сўзсиз бажарилиши зарурлиги белгиланди.

Таъкидланишича, 2024 йилнинг 6 ойида прокуратура органлари томонидан аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 102 мингга яқин назорат ҳужжатлари қўлланилиб, 236 минг фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланган.

Назорат тадбирлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилганлиги аниқланган 1,8 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, бандлигини таъминлаш, муҳтож оилаларни, ёшлар ва хотин - қизларни ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид қонунчилик ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Маданий мерос объектларини асраш, туризм ва спортни ривожлантириш, табиатни муҳофаза қилишга доир вазифалар ижроси устдан назорат кучайтирилган.

Биргина, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси устидан доимий назорат ўрнатилиб, бевосита прокурорлар томонидан 420 минг тупдан зиёд дарахт экилди ҳамда Республикамизнинг барча ҳудудларида “Прокурор боғлари” барпо этилмоқда.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлаш, қулай бизнес муҳитини яратиш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.

Хусусан, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини ошириш каби иқтисодиёт ривожидаги долзарб йўналишларда тизимли тадбирлар амалга оширилиб, қарийб 8 минг нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, 15 минг нафардан ортиғига муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган.

Бюджет даромадлари башорати ижросини сўзсиз бажариш ва қўшимча манбаларни жалб қилиш бўйича белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга устувор аҳамият қаратилган.

Бюджет тушумлари прогнози ижроси юзасидан кундалик назорат ўрнатилиб, 84,2 трлн. сўмлик режа 85,7 трлн. сўмга ёки 102 фоизга бажарилиши ҳамда бюджетга қўшимча 9,6 трлн. сўмлик тушумлар туширилиши таъминланган.

Ҳайъат йиғилишида прокурорлар томонидан долзарб йўналишларда, жумладан ёқилғи - энергетика, қурилиш, куз - қиш мавсумига тайёргарлик каби соҳаларда амалга оширилган ишлар ва мавжуд муаммолар алоҳида ўрин эгаллади.

Хусусан, аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида прокуратура органлари аралашуви натижасида кўплаб муаммолар бартараф этилишига эришилган.

Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган қарийб 50 мингта рейд тадбирлари давомида, 48 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 217 млрд. сўм зарар ундирилган.

Умуман, ҳайъат йиғилишида асосий эътибор прокуратура органларининг жорий йилдаги фаолиятида йўл қўйилган камчиликлар, хато ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда галдаги долзарб вазифаларга қаратилди.

Ҳайъат мажлисида масъулларнинг изоҳлари тингланиб, камчиликларни бартараф этиш бўйича ижро муддатлари аниқ кўрсатилган топшириқлар берилди.

Барча ходимлар хотиржамликка берилмасдан, юклатилган вазифаларни тўлақонли ва сўзсиз ижро этишлари, ташаббускор ва фидойи бўлишлари шартлиги қатъий белгиланди.

Муҳокама натижасига кўра, фаолиятида жиддий хато ва камчиликларга йўл қўйган ходимларга тегишли чоралар кўрилди.

Ҳайъатда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев соҳадаги камчиликларни бартараф этиш лозимлигини таъкидлади

Киритилди: 21:57 19.07.2024. Ўқилди: 1833 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!