Бугун 7 июль, 2025 йил, душанба

O'ZB

Болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланди

A A A
Болаларни 1-синфга қабул қилиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби белгиланди

“Халқ таълими тизимида давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (295-сон, 01.06.2022 й.) қабул қилинди.

🔰Қарор билан қуйидагилар бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:

🔹болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ҳамда ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш;
🔹чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандларини мактабга қабул қилиш учун аризалар олиш;
🔹экстериат тартибида имтиҳонлар олиш учун аризалар қабул қилиш;
🔹умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини бериш.

⏩ Шунга кўра, ҳар йили 1 майгача ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш ва бир мактаб (синф)дан бошқасига ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган ҳудудлар рўйхати тасдиқланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади.

❗️1-синфга болалар улар 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинади.

☑️ Давлат хизмати кўрсатилгани учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.

🗓 Ариза берувчи микроҳудуд бўйича мактабга қабул қилиш учун ҳар йили 20 июндан 31 июлгача ЯИДХП (https://my.gov.uz/uz) ёки Халқ таълими вазирлигининг электрон хизматлар порталида рўйхатдан ўтади.

🔘 Ариза берувчининг яшаш манзили бўйича мактабда танлаган таълим олиш тилидаги синф бўлмаган тақдирда, яқин ҳудудда жойлашган бошқа мактаб микроҳудуд сифатида бириктирилади.

✅ Сўровнома тўлдирилади ҳамда ҳудудий халқ таълими бошқармаси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилиб, микроҳудуд бўйича мактабга юборилади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Бу ҳақда ариза берувчиларга хабар юборилади.

📋 Ариза берувчи фарзанди билан биргаликда микроҳудуд бўйича юборилган мактабга онлайн навбат асосида боради ва боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотномани мактабга тақдим этади.

❕Мактаб қабул комиссияси томонидан 1 иш кунида болани мактабга олиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинади.

🚫 Қуйидаги ҳолларда қабул комиссияси болани мактабга қабул қилишни рад этиши мумкин:

▫️тиббий маълумотномада мактабда таълим олиш тавсия этилмаган бўлса;
▫️танланган тилда бола бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса;
▫️сўровномадаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланса.

📌 Микроҳудуддан ташқаридан болалар мактабга ҳар йили 1–15 август кунлари қабул қилинади.

⚠️ Мазкур тартиб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларга нисбатан қўлланилади.

Киритилди: 15:43 02.06.2022. Ўқилди: 2268 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!