Қуролли тўқнашувлар туфайли Украина ичида мажбурий равишда кўчирилган шахслар одам савдосига, айниқса, жинсий эксплуатация мақсадида инсон савдосига тушиб қолиш хавфи остида қолмоқда. Бу ҳақда БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси томонидан эълон қилинган якуний хулосаларда таъкидланган.
Ҳужжатда қайд этилишича, қўмита Украинада, айниқса, аёллар ва қизлар ўртасида жинсий эксплуатация мақсадида одам савдоси ҳали ҳам кенг тарқалганидан қаттиқ ташвишда. “Қўмита қуролли можаро оқибатида мамлакат ичида кўчирилган шахслар одам савдоси қурбонига айланиш хавфи юқори экани тўғрисидаги хабарлардан ҳам хавотирда”, — дейилади матнда.
Шу муносабат билан БМТ мутахассислари Украина ҳукуматини одам савдосининг барча ҳолатларини тўлиқ текшириш, айбдорларни жазолаш ва жабрланувчиларга товон тўлаш чораларини кўришга чақирган.
Қийноқларга қарши қўмитанинг 82-сессияси жорий йилнинг 7 апрелидан 2 майигача бўлиб ўтди. Унда Арманистон, Монако, Туркманистон, Франция, Маврикий ва Украинадаги вазиятлар кўриб чиқилди. Қўмита 10 нафар мустақил экспертдан иборат бўлиб, Қийноқларга қарши конвенция доирасидаги давлат мажбуриятларининг бажарилишини назорат қилади.