Ўзбекистоннинг Биринчи хоними, «Zamin» халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган COP31 конференцияси доирасида Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрди.
Павильонда Зироат Мирзиёева мамлакатимизда амалга оширилаётган экологик лойиҳалар, жумладан, «Zamin» фондининг «Eco-Schools Uzbekistan» лойиҳаси билан танишди. Лойиҳа иштирокчилари мактабгача ва бошланғич таълим учун LEAF, умумтаълим мактаблари учун Eco-Schools ҳамда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари учун Eco-Campus дастурларини ўз ичига олган узлуксиз экологик таълим тизимини тақдим этдилар.
Шунингдек, COP31 доирасида давлат ва ҳукумат раҳбарлари рафиқаларининг табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва чиқиндиларни камайтиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи «Нол чиқинди» (Zero Waste) Глобал альянси ташкил этилгани эълон қилинди.
Ушбу ташаббусга бағишланган юқори даражадаги учрашувда сўзга чиққан Зироат Мирзиёева Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоғанга миннатдорлик билдириб, унинг «Нол чиқинди» ғоясини халқаро миқёсда илгари суришдаги шахсий ҳиссасини эътироф этди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Биринчи хоними альянс доирасида экологик таълимни ривожлантириш, ёшларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва уларни амалиётга жорий этиш бўйича қатор таклифларни илгари сурди.