Германия ва Украина мудофаа вазирлари - Борис Писториус ва Рустем Умеров Берлинда Украинада узоқ масофали қуроллар ишлаб чиқаришни Германия томонидан молиялаштириш тўғрисидаги меморандумни имзоладилар.
Бу ҳақда 28 май куни Германия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Украина Қуролли Кучларига янги ёрдам умумий миқдори тахминан беш миллиард еврони ташкил этади. Маблағ Бундестаг томонидан аллақачон тасдиқланган жамғармалардан ажратилади.
"Келажакда Германия Украинада узоқ масофали қурол тизимларини ишлаб чиқаришни молиялаштиради. Иккала вазир ҳам Берлинда бу ҳақда ёзма равишда келишиб олган," - дея таъкидланди Германия мудофаа вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинган баёнотда.
Вазирлик аниқлик киритишича, дастлабки бундай тизимлар яқин ҳафталар ичида жойлаштирилиши мумкин.
Бундан ташқари, Украина мудофаа вазири ва Германиянинг Diehl Defence мудофаа компанияси Германия Мудофаа вазирлиги раҳбари иштирокида етказиб бериш бўйича шартнома имзоладилар.