Россия Қуролли кучлари Бош штаби бош оператив бошқармаси бошлиғи ўринбосари генерал-лейтенант Ярослав Москалик Украина уруши бўйича вазиятни мониторинг қилган ва ушбу маълумотлар асосида Владимир Путин ҳамда Андрей Белоусов учун ҳисоботлар тайёрлаган штаб ходимлари гуруҳига раҳбарлик қилган. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлигининг “Красная звезда” газетаси эълон қилган некрологда айтилади.
Москалик 25 апрел куни Москва вилоятининг Балашиха шаҳрида кўп қаватли уй олдида автомобил портлаши натижасида ҳалок бўлган эди.
26 апрел куни Россия Федерал хавфсизлик хизмати генерал автомобилга ўрнатилган бомбанинг портлаши оқибатида ҳалок бўлгани ва бу ишда “Украина махсус хизматларининг агенти” деб гумон қилинган киши қўлга олинганини билдирганди. Гумонланувчи 1983 йилда туғилган Игнат Кузин исмли шахс бўлиб, ФХХ маълумотига кўра, у Украинада яшаш гувоҳномасига эга.
ФХХ пресс-релизида айтилишича, автомобилга ўрнатилган портловчи қурилма Украина ҳудудидан масофадан туриб портлатилган. Россия Тергов қўмитаси эса гумонланувчи айбига “иқрор бўлганини” маълум қилди. 27 апрел куни Кузин икки ой муддатга ҳибсга олинган.