ҲАМАС сиёсий бюроси аъзоси Салоҳ ал-Бардавил Ғазо секторидаги Хан-Юнус шаҳрига қилинган Исроил авиаҳужуми натижасида ҳалок бўлди. Бу ҳақда BBCга гуруҳ вакили хабар берди.
Маҳаллий манбаларга кўра, Бардавил билан бирга унинг рафиқаси ҳам ҳалок бўлган. Reuters агентлигининг хабар беришича, улар намоз ўқиётган чодирга Исроил ракетаси келиб тушган.
Исроил армияси сешанба куни Ғазо секторига кучли ҳужумларни қайта бошлаган эди. Расмий Тел-Авив ҲАМАСни 19 январ куни Қатар, Миср ва АҚШ воситачилигида тузилган ўт очишни тўхтатиш келишувини бузганликда айбламоқда. ҲАМАС эса бу айбловларни рад этмоқда.
ҲАМАС назоратидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги бир суткада Исроил зарбалари оқибатида секторнинг турли ҳудудларида 32 нафар фаластинлик ҳалок бўлган.