Қўшма Штатларда марказий банк вазифасини бажарувчи Федерал захира тизими (ФЗТ) президент Доналд Трампнинг чақириқларини эътиборсиз қолдириб, фоиз ставкаларини ўзгартирмади.
ФЗТ раиси Жером Пауэллнинг сўзларига кўра, президент Доналд Трамп томонидан Қўшма Штатларга олиб кириладиган барча импорт маҳсулотларига қўйилган божлар туфайли ҳозир нима қилиш кераклиги бутунлай ноаниқ. Пауэллнинг фикрича, агар божлар сақланиб қолса, улар инфляциянинг тезлашуви, иқтисодий ўсишнинг секинлашуви ва ишсизлик даражасининг ошишига олиб келиши мумкин.
Сайлов кампанияси давомида Доналд Трамп сайловчиларга кредитлар бўйича пастроқ ставкаларни ваъда қилган эди. Шу билан бирга, президент сўнгги ойлар ичида ФЗТни фоиз ставкаларини пасайтиришга чақириб келмоқда. Трамп Пауэллни ставкаларни тезда туширишдан бош тортгани учун танқид қилиб келмоқда.
Бироқ Федерал захира тизими президент ва ижро ҳокимиятидан мустақил қарор қабул қилади, бу мазкур молиявий муассаса фаолиятининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.