«Барселона» бош мураббийи Ханс-Дитер Флик клуб академияси тарбияланувчиларига имконият бериш бўйича тарихий рейтингда иккинчи ўринни эгаллади.
«Алавес»га қарши учрашувда (6:1) 20 ёшли Брайан Фариньяс асосий жамоада дебют қилди. Одатда ярим ҳимояда ҳаракат қиладиган футболчи ушбу баҳсда ҳимоянинг ўнг қанотида ўйнади.
Шу тариқа, Флик бошқарувида «Ла Масия»нинг 14 нафар тарбияланувчиси биринчи жамоада илк учрашувини ўтказди.
Barça Buzz маълумотига кўра, немис мураббийи даврида ўртача ҳар 9,36 та ўйинда академиянинг битта вакили дебют қилмоқда. Бу клуб тарихидаги иккинчи энг яхши кўрсаткич.
Рейтингда Хави Эрнандес пешқадам — унинг даврида ҳар 8,94 та ўйинга битта дебют тўғри келган. 2003–2008 йилларда жамоани бошқарган Франк Райкаард эса 10,37 та ўйинлик кўрсаткич билан учинчи ўринда.