Айрим ҳолатларда банкомат техник носозлик ёки бошқа сабаблар туфайли банк картасини қайтариб бермаслиги мумкин. Бундай вазиятда қоидани билмаган айрим банк ходимлари мижозларга “карта 3 иш кунида берилади” деган жавоб айтилади. Лекин амалдаги қонунчиликда бу масала аниқ тартиб билан белгиланган.
Марказий банк Бошқарувининг “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк карталарининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидалари” тўғрисидаги низомининг 11-боб, 44-бандига (https://lex.uz/ru/docs/5355601)кўра, агар банкомат банк картасини қайтариб бермаса, банк картаси сақловчиси банкоматга хизмат кўрсатувчи банкка (эквайерга) оғзаки ёки ёзма мурожаат қилиши мумкин.
☑️ Агар мурожаат банк операция куни давомида келиб тушса, карта шу куннинг ўзида қайтариб берилиши керак.
☑️ Агар мурожаат банк операция куни тугагандан кейин келиб тушса, карта кейинги банк операция кунидан кечиктирмасдан қайтарилиши шарт.
☑️ Агар банкомат ШИР-код (PIN) бир неча марта нотўғри киритилгани сабабли картани олиб қолган бўлса, банк мижозни идентификация қилгандан кейин картани мурожаат келиб тушган кундан кейинги банк иш кунидан кечиктирмасдан қайтариши керак.
☝️Шунингдек, Низомга кўра банкоматларда банк (эквайер) номи, мижозларни қўллаб-қувватлаш маркази телефон рақами ва тўлов тизими логотипи бўлиши шарт. Бу мижозлар банкомат карта ютиб қўйган ҳолатда дарҳол қайси банкка мурожаат қилишини билиши учун жорий қилинган.