Юртимизнинг от спорти вакиллари иккинчи йилдирки, янги мавсумни ўзига хос ғалаба билан бошлашмоқда. Германиянинг Ризенбек шаҳрида ўтказилган CSI2* таснифига кирувчи мусобақада маҳоратли конкурчимиз, Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Ғозиев тўсиқлар оша 130 см баландликка сакрашда 1-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, у БАА нинг Дубай шаҳрида бўлиб ўтган CSI2* мусобақасида ҳам 1,25 метрлик тўсиқдан сакраб, масофани 60,61 сонияда босиб ўтди. Ладу лақабли отида жаримасиз маррага етиб борган ҳамюртимиз, қирқ нафар спортчи орасида энг яхши натижани кўрсатди ва олтин медални қўлга киритди.